Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида фуқароларни Америка Қўшма Штатларга юбориш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқлади, дея хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ходими Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқарога АҚШ элчихонасидаги танишлари орқали виза расмийлаштириб, Қўшма Штатларга юборишини айтган. Эвазига 14 минг доллар талаб қилган. У тезкор тадбирда олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ушланган.

Шунингдек, ҳозирда АҚШда яшовчи, муқаддам судланган 24 ёшли шахс Самарқанддаги қариндоши билан бошқа бир фуқарони Мексика орқали Қўшма Штатларга ишга юборишини айтган. Эвазига ундан 16 минг доллар талаб қилишган.

Бироқ унинг қариндоши пулдан 10 минг долларини олган вақтида ушланган. АҚШда яшаётган шахс муқаддам 4 нафар фуқарони Америкага ишга юборишни ваъда қилиб, улардан 41 600 доллар олгани ва эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани аниқланган.

Жиззах шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон вилоятида яшовчи 24 ёшли шахс Фориш туманида яшовчи фуқарони Туркия-Европа-Никарагуа-Мексика орқали Қўшма Штатларга юборишини билдирган. Эвазига талаб қилинган 17 минг доллардан 10 мингини олган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, ҳозирда АҚШнинг Оҳайо штатида яшовчи 32 ёшли фуқаро ва Янгиер шаҳрида яшовчи шахс ховослик фуқарони Мексика орқали Америкага юбориш, шунингдек, бунинг учун зарур бўладиган виза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига ундан 8200 доллар талаб қилишган.

Бироқ янгиерлик шахс 8100 доллари ва 1 млн 240 минг сўм олган вақтида қўлга тушган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган, дейилади хабарда.