Ўзбекистоннинг давлат аҳамиятига молик табиий объектлари, шу жумладан, ноёб экотизимлар, биологик хилма-хиллик турлари, сув ҳавзалари ва табиий ландшафтлар хатловдан ўтказилди, бунинг натижасида миллий табиий мерос объектлари рўйхати шакллантирилди ва тасдиқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, лойиҳа Ўзбекистон президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ амалга оширилди.

Таъкидланишича, олиб борилган ўрганишлар кўлами кўп йиллик қимматбаҳо ва ноёб дарахт ва арчазорларни, тўқайзорларни, дарёлар, табиий кўллар ва булоқларни, сойлар ва шаршараларни, шунингдек, табиий геологик тузилмаларни, яъни даралар ва қояларни, тоғ-тошлар, музликлар, ботқоқликларни, чўллар ва барханларни, ўсимлик ва ҳайвонларнинг муҳим ўсиш ҳамда яшаш ареалларини, табиий ландшафт ва муҳим орнитологик ҳудудларни, шу билан бирга, давлат муҳофазасида бўлган қўриқхоналарни, табиий боғларни ўз ичига қамраб олди.

Миллий табиий мерос объектлари Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига мувофиқ, хусусиятларига кўра биологик, гидрологик, геологик ва палеонтологик табиий мерос объектларига ажратилиб таснифланди. Хусусан, олиб борилган тадқиқотлар натижаси ўлароқ вазирлик мутахассислари томонидан жами 177 та объект (қўриқхона ва миллий табиат боғлари билан биргаликда) Миллий табиий мерос объектлари сифатида танланди. Улар орасида:

  • дарахтзор, арчазор, тўқайзор ва табиий масканлардан иборат 16 та объект;
  • 50 та булоқ, 14 та кўл, 3 та дарё, 10 та шаршара, 4 та сой ва Орол денгизини ўз ичига олган 82 та гидрологик объект;
  • 10 та ғор, 5 та дара, 10 та тоғ, қоя ва тошлар, 6 та чўл, қумлик ва барханлардан таркиб топган 31 та геологик объект;
  • «Динозавр изи» табиий маскани палеонтологик объекти ўрин олди.

Шу билан бирга республика ҳудудидаги 7 та давлат қўриқхонаси, 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси ва 13 та буюртма қўриқхонаси ҳамда 13 та миллий табиат боғи ва 11 та табиат ёдгорлиги Миллий табиий мерос объектлари сафига кирди.

Шу ўринда ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган трансчегаравий табиий объектлар — Ғарбий Тян-Шан тоғи (2016 йил) ва Мўътадил минтақадаги Турон саҳролари (Устюрт платоси, 2023 йил) ҳамда ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига киритилган Чотқол биосфера қўриқхонаси (1978 йил) ва Қуйи Амударё биосфера қўриқхонаси (2021 йил) ҳам Миллий табиий мерос объектлари рўйхатида ўз ифодасини топди.

Шунингдек, халқаро аҳамиятга эга бўлган сувда сузувчи қушларнинг яшаш жойлари бўлган сувли-ботқоқ жойлар тўғрисидаги Рамсар конвенцияси рўйхатига кирган Денгизкўл (2002 йил), Айдар-Арнасой кўллар тизими (2008 йил), Тўдакўл табиий сув ҳавзаси ва Қуйимозор сув омбори (2008 йил) ҳамда Судоче кўли (2023 йил) рўйхатдан ўрин олди.

Мазкур табиий мерос объектлари номинацияларини Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN), ЮНEСКО ва FAO каби нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик дастурлари доирасида халқаро рўйхатларга тақдим этишга оид тегишли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши режалаштирилган.