27 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент метросининг «Чилонзор» бекатида шахси номаълум аёл ўзини метро йўлига ташлагани акс этган видео тарқалди. Унда ҳуқуқ-тартибот ходимлари аёл кишини поезд йўли бўйлаб олиб кетаётганини кўриш мумкин.

Тошкент метрополитени матбуот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Қайд этилишича, видеодаги аёлнинг тоби қочиб, метро йўлига йиқилиб тушган.

«Бекатда фаолият олиб бораётган ходимлар томонидан тезкор кўрилган чора тадбирлар сабаб йўловчи ҳеч қандай тан жароҳатларсиз, хавфсиз тарзда платформага олиб чиқилган ҳамда унга биринчи ёрдам кўрсатилган», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Алишер Навоий» метро бекатида пойтахтдаги ОТМлардан бирида ўқийдиган 18 ёшли талаба қиз поезд яқинлашиб келаётган вақтда ўзини рельс устига ташлаганди. Машинист поездни тўхтата олган, ИИО ходимлари қизни платформа устига олиб чиқишган ва қиз жароҳат олмаган.