Ўзбекистонда 2023 йилнинг шу кунига қадар 9 минг 446 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди, дея хабар бермоқда «Ўзэнергоинспекция» матбуот котиби Наврўз Норбобоев.

Хусусан, 767 миллион метр куб табиий газ (748 миллиард 600 млн сўм) ва 335 млн киловатт-соат электр энергияси (251 млрд 900 млн сўм) талон-торож қилинган. Бунинг оқибатида давлат манфаатларига жами 1 триллион 500 млн сўм зарар етказилган.

«Энергия ресурсларидан айрим «тадбиркор»ларнинг ноқонуний ва ўғринча фойдаланишлари тармоқларда ортиқча юкланишларга ҳамда энергия ресурслар таъминоти барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда», — деди «Ўзэнергоинспекция» вакили.

Инспекциянинг Тошкент марказий назорат-кимё лабораторияси томонидан нефть маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирлари давомида хусусий автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 171 та ҳолатда 2 млн 823 минг литр нефть маҳсулотларининг сифатсизлиги аниқланиб, сотувга чиқарилиши олди олинган.

Наврўз Норбобоевнинг сўзларига кўра, назорат тадбирларида электр тармоқ хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналарида ноқонуний қурилган 9 минг 57 та объект аниқланган. 7 минг 636 та объект бўйича маҳаллий ҳокимликлар ва судларга ҳужжатлар тақдим этилган. Айни вақтгача 91 та объект хавфсиз ҳудудларга кўчирилган.