Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги хусусий мактабгача таълим муассасасида энага ёрдамчиси тарбияланувчига нисбатан қўпол ҳаракат қилиб, унга шикаст етказди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар қилди.

Воқеа 2023 йил 17 ноябрда содир бўлган. Энага ёрдамчиси К.Ғ. 2021 йилда туғилган Л.А.га нисбатан қўпол ҳаракати оқибатида боланинг қўли билагидан чиқиб, унга жиддий шикаст етган.

Ўтказилган терговга қадар текшируви давомида тайинланган тиббий экспертиза юзасидан 2023 йил 18 декабрь куни берилган хулосага кўра, Л.А. га оғирлик даражаси буйича ўртача оғирликдаги тан жароҳатлари етказилган.

Бунинг асосида Жиноят кодексининг 116-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, энага ёрдамчиси Ғ.К. ҳатти-ҳаракатлари билан касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик яъни, ўз касбига бепарволик ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли баданга ўртача оғир шикаст етказишда ифодаланган жиноят содир этгани юзасидан айбланувчи тариқасида жалб қилинган. Дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.