25 декабрь президент томонидан имзоланган қонун [ЎРҚ-887-сон] билан Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди. Қонун 27 октябрь куни Сенат томонидан маъқулланганди.

Қонун билан ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда тафтиш тартибида (кассация) кўриш босқичи жорий этилди. Юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланди. Ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилди.

Шунингдек, суд буйруғини бекор қилишни рад этиш тўғрисидаги суд ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкинлиги белгиланди.

Аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин. Ажрим бекор қилинган тақдирда, ариза судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган деб ҳисобланади.

Апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судининг ажрими, қарори қабул қилинганидан кейин дарҳол қонуний кучга киради.

Биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ажрими устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида кўриладиган шикоят (протест) ушбу судлар номига йўлланади, лекин суд ҳужжатини қабул қилган биринчи инстанция судига берилади.

Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўриладиган шикоят (протест) бевосита Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.

Олий суд раисининг, Бош прокурорнинг Олий суд Раёсатига тафтиш тартибидаги протести бевосита Олий судга берилади.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 1 йил ичида берилади.

Шунингдек, президент томонидан имзоланган қонун [ЎРҚ-888] билан Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қонун билан вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида кўриш босқичи жорий этилди.

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинди ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилди. Ишни тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда, шунингдек ишни юқори инстанция судида тафтиш тартибида қайта кўришда иштирок эта олмайди.

Кассация инстанцияси судининг кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш, уни қайтариш, кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрими устидан, шунингдек кассация инстанцияси судининг Кодексда устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) назарда тутилган бошқа ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят берилиши мумкин.

Апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори устидан Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, ушбу судларнинг тафтиш инстанциясининг суд ҳужжатлари ва ушбу судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари, шунингдек Олий суд томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, шунингдек тафтиш тартибида қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Олий суд Раёсатига тафтиш тартибида протест келтириши мумкин.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд тафтиш тартибидаги шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан 5 кунлик муддатда уни ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига иш билан бирга юбориши шарт.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.

Қонун 2024 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.