Сенатнинг қирқ олтинчи ялпи мажлисида суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодексларга, Маъмурий суд ишларини юритиш ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги тўртта қонун муҳокама қилинди.

Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда Олий суд томонидан кассация тартибида 1291 та иш кўрилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 7560 тага, 2022 йилда 7987 тага етган. Ёки 2022 йилда Олий суднинг биргина жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьясининг бир ойлик ўртача иш ҳажми 89 тани ташкил қилган.

Статистик маълумотлар судьяларнинг иш ҳажми ва иш юкламасининг ортганини кўрсатмоқда. Ушбу ҳолатлар судьяларнинг иш ҳажми ва иш юкламасининг норма даражасидан ортишига олиб келиб, ишларнинг кўриш сифатига ҳам ўз таъсирини кўрсатаётгани таъкидланди. Бунинг оқибатида шикоятдаги важлар атрофлича текширилмай, иш бўйича якуний қарор қабул қилинмасдан, суд қарори бекор қилиниб, қуйи судларга юбориш ҳолатлари кўпайишига олиб келмоқда.

Юқорида қайд этилган муаммоларни бартараф этиш мақсадида муҳокамадаги ушбу қонунлар ишлаб чиқилган бўлиб, қонунлар билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий-процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ҳамда Фуқаролик-процессуал кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Биринчидан, қонуний кучга кирмаган суд қарорлари шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорлари, агар улар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида кўриш белгиланмоқда.

Иккинчидан, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриб чиқиш ваколати вилоят ва унга тенглаштирилган судларга ўтказилмоқда. Маълумки, амалдаги қонунчиликка кўра кассация тартибида суд қарорларини қайта кўриб чиқиш ваколати ҳозирда Олий суд ваколатига тегишли ҳисобланади.

Учинчидан, суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстанцияси киритилиши муносабати билан Иқтисодий-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ҳамда Фуқаролик-процессуал кодексларига тафтиш инстанциясида иш юритиш тартиби батафсил (янги боб билан) ёритиб берилмоқда.

Тўртинчидан, юқори инстанция судлари томонидан қуйи инстанция судларининг қарорини бекор қилган ҳолда янгидан кўриш учун яна қуйи судга юбориш тартиби бекор қилиниб, ҳар бир суд инстанциясига иш бўйича якуний қарор қабул қилиш мажбурияти юкланмоқда.

Бешинчидан, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор устидан апелляция шикоятини бериш муддати 20 кундан 10 кунга қисқартирилмоқда. Бундан ташқари, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича чиқарилган қарорлар бўйича апелляция шикоятини бериш муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда узоғи билан уч ой эканлиги белгиланмоқда.

«Мазкур қонунларнинг мақсади ва аҳамияти одил судловнинг таянч принциплари — қонунийлик, асослилик ва адолатлилик талабларини таъминлашга қаратилган. Афсуски, фуқароларимиз адолат излаб судма-суд овора бўлаётган ҳолатлар кўп. Жумладан, парламентга ҳам айнан суд низолари билан боғлиқ кўп мурожаатлар келиб тушмоқда. Албатта, процессуал тартибларни ўзгартириш, такомиллаштириш жуда муҳим, бироқ бу билан муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Ёндашув, сифат ва мазмун ўзгариши керак. Бунда асосий маъсулият Олий суд, судьялик ҳамжамияти органлари зиммасидадир», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.