Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Унда, шунингдек, Россия, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон президентлари ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян қатнашди.

мдҳ саммити, шавкат мирзиёев

Учрашувда 2023 йил сарҳисоби ва келгуси вазифалар кўриб чиқилди. МДҲ доирасида муносабатларни ривожлантириш ва минтақавий масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ҳамдўстлик доирасида 20 дан ортиқ тармоқ бўйича ҳамкорлик органларига ҳамда устувор соҳа ва тармоқлар бўйича 24 та муҳим битимга қўшилди. МДҲ мамлакатлари компаниялари билан саноат кооперацияси бўйича лойиҳалар портфели 30 миллиард доллардан ошди ва деярли барча тармоқларни қамраб олган.

мдҳ саммити, шавкат мирзиёев

Мирзиёев МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ва ҳамкорликнинг амалдаги институционал механизмлари самарадорлигини ошириш зарурлигини қайд этди.

Келаси йили МДҲга раислик Қирғизистондан Россияга ўтади. Россия «МДҲ доирасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга катта эътибор қаратган ҳолда», «узлуксизлик руҳида кўп қиррали интеграция фаолиятини давом эттиришни» режалаштирмоқда, — деди Россия президенти Владимир Путин саммитда.

«Биз ҳамдўстлик бўйича ҳамкорларимиз билан ўзаро ҳисоб-китобларни миллий валюталарга фаолроқ ўтиш тарафдори бўлган ҳамкорликни давом эттирамиз. Ишончимиз комилки, бу давлатларимизнинг иқтисодий ва молиявий суверенитетини янада ишончли таъминлаш имконини беради», — деди у.

«Биз конструктив тарзда умумий Евроосиё минтақамизда хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш, терроризм ва экстремизм, трансчегаравий жиноятлар, наркотрафик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича биргаликда иш олиб боришга ҳаракат қиламиз», — дея қўшимча қилди Россия президенти.

У «кўп асрлик умумий тарихга, маданиятларнинг чуқур ўзаро боғланишига асосланган» маданий-гуманитар ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлаб, 2023 йилда Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти Санкт-Петербург бўлганини, келгуси йилда эса Самарқанд бўлишини эслатди.

«Россия раислиги халқларимиз ўртасидаги яқин алоқаларни сақлаш ва мустаҳкамлаш, бутун МДҲ ҳудудида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришни асосий вазифа деб билади. Ва шу нуқтаи назардан биз яқиндан ҳамкорлик қилишга қарор қилдик», — деди Владимир Путин.

Саммит доирасида Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан учрашди.

Унда 5−7 октябрь кунлари Россияга амалга оширилган олий даражали ташриф якунида эришилган келишувларни рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

мдҳ саммити, шавкат мирзиёев

Президентлар товар айирбошлашнинг ўсиш суръатини сақлаб қолиш ҳамда истиқболли кооперация лойиҳаларини илгари суриш мақсадида яқин идоралараро мувофиқлашув ва амалий ҳамкорликни, жумладан, икки мамлакат ҳудудлари даражасида таъминлаш муҳимлигини қайд этди, шунингдек, минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.