ДХХ томонидан Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Фарғона вилоятларида пора олишда гумонланган шахслар ушланди.

Хусусан, Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Мирзаобод туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамият юристи логистика хизматлари кўрсатиш билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият раҳбаридан 14 минг АҚШ доллари ва 12 млн сўм олган вақтида қўлга олинди.

Аниқланишича, у вилоят прокуратураси томонидан мазкур масъулияти чекланган жамият раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида МЧЖнинг бекор қилинган гувоҳномасини тиклаш ва солиқ идоралари томонидан 1 млрд 950 млн сўм қўшилган қиймат солиғини олишга қўйилган тақиқ масаласини ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилган.

ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги бош мутахассиси Мирзо Улуғбек туманида яшовчи фуқарога нисбатан ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатмаслик масаласини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб бериш эвазига 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси катта инспектори фуқародан ноқонуний тарзда 4 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари томонидан ушланди.

Аниқланишича, у Жиноят кодексининг 251−1-моддаси 3-қисми (Уюшган гуруҳ томонидан ёки кўп миқдорда содир этилган кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумни Навоий шаҳридаги 11-сонли жазони ижро этиш муассасасидан Чирчиқ шаҳрида жойлашган 14-сонли жазони ижро этиш муассасасига кўчирилишида ёрдам беришини ваъда қилган.

ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚКД билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Фарғона шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган собиқ ҳарбий хизматчи ўзининг мансабдор танишлари ёрдамида маҳаллий фуқарони ички ишлар органлари тизимига ишга киритиб қўйиш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.