Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги ҳамда «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунларнинг айрим нормаларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Яъни, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатидан рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини йилига камида бир марта тасдиқлаш нормаси ва унга алоқадор бўлган бандлар чиқарилмоқда.

«Чунки, амалиётда ушбу тартиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказиладиган буйруқни қабул қилишини назарда тутади. Бу эса бир муддат вақтни талаб қилади. Ушбу вақт давомида дори воситаларининг ўрамида ва қўллаш бўйича йўриқномасида рецептсиз берилиши кўрсатилганлигига қарамасдан улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатига киритилгунига қадар уларни қўллаш тартиби мавҳум бўлиб қолмоқда», — дейилди мажлисда.

Бунда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази экспертлар кенгаши томонидан рўйхатдан ўтказиш мақсадида бир ойда камида 2 марта йиғилиш ўтказилиши инобатга олинса, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини шунча марта янгилаш ва Адлия вазирлигидан ўтказиш зарур бўлмоқда.

Қонун лойиҳаси билан рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланишини назарда тутувчи норма чиқариб ташланмоқда. Натижада дори воситалари Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши чоғида «Дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартиби тўғрисидаги низом» асосида унинг рецептсиз ёки рецепт асосида берилишига оид тоифаси аниқланади. Давлат рўйхатидан ўтказилган дори воситаси автоматик шакллантирилиб бориладиган рўйхатда қайд этилиб, очиқ веб-сайтда жойлаштирилади.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида дори моддалари (субстанциялар)ни давлат рўйхатидан ўтказишга оид нормани бекор қилиш назарда тутилмоқда. Бунга сабаб сифатида бугунги кунда дори воситаларини ишлаб чиқариш амалиётига жорий қилинган халқаро стандартлар (ГМП) ва сифат назоратига қўйилган талаблар доирасида субстанцияларни назорат қилишнинг альтернатив механизмлари жорий этилгани келтирилган.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.