2022−2023 йилларда жаҳон бозоридаги нефть нархи Ўзбекистондаги бензин нархларига 1 ойлик кечикиш (лаг) билан таъсир қилмоқда. Бу бўйича Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилида сўз боради.

Таҳлилда 2022 йил январь ойидан 2023 йил ноябрь ойигача бўлган даврда Республика товар-хомашё биржасида сотилган бензиннинг улгуржи нархлари, Тошкент шаҳри АЁҚШларидаги чакана бензин нархлари ҳамда Жаҳон банкининг нефть нархлари бўйича маълумотларидан фойдаланилган.

Таҳлил натижаларига кўра, жаҳон бозорида нефть нархининг ўзгариши 1 ой ўтгандан сўнг Республика товар-хомашё биржасида автобензин нархларида ўз аксини топмоқда.

Масалан, 2022 йил январь-июнь ойларида нефть нархининг 39,2 фоизга ошиши биржада автобензин ўртача улгуржи нархининг 22,4 фоизга кўтарилишига олиб келган. 2022 йил июль-декабрь ойларида жаҳон бозорида нефть нархининг 33,2 фоизга тушиши улгуржи нархларнинг ўртача 21,3 фоизга арзонлашишига сабаб бўлган.

2023 йилнинг январь-май ойларида жаҳон бозорида нефть нархининг барқарорлашиши ҳамда 2022 йилнинг 10 декабридан Аи-80 маркали автобензин учун акциз солиғи ноль ставкага туширилиши натижасида автобензиннинг ўртача улгуржи нархлари 4848−5060 сўм оралиғида шаклланган.

Лекин 2023 йилнинг июнь-ноябрь ойларида автобензиннинг ўртача улгуржи нархи 5315 сўмдан 5860 сўмгача (10,2 фоиз) ошди. Бу даврда жаҳон бозоридаги ўртача нефть нархи 11 фоизга (73 доллардан 81 долларгача) қимматлаган.

Эконометрик таҳлил натижаларига кўра, автобензиннинг ўртача улгуржи нархи, шу жумладан, талаб юқори бўлган Аи-80 ва Аи-92 маркали бензинларнинг улгуржи нархлари жаҳон бозоридаги нефть нархига сезувчан экани аниқланди. Хусусан, жаҳон бозорида нефть нархининг 1 фоизга кўтарилиши автобензин ўртача улгуржи нархларининг бир ой кечикиш билан 0,30 фоизга ошишига, шу жумладан, Аи-80 бензиннинг 0,32 фоизга, Аи-92 бензиннинг 0,54 фоизга қимматлашишига олиб келди.

«Тошкентда бензинларнинг ўртача чакана нархлари эса ўртача улгуржи нархларга сезувчан бўлиб, улар бир хил ўзгариш динамикасига эга. Хусусан, Республика товар-хомашё биржасида бензин улгуржи нархларининг 1 фоизга ўсиши Тошкент шаҳрида чакана нархларнинг 0,29 фоизга ошишига олиб келмоқда», — дейилади хабарда.

Лекин 2023 йил ноябрь ойида жаҳон бозорида 1 баррель нефть нархининг ўртача ҳисобда 81,35 долларгача (октябрь ойига нисбатан 8,7 фоизга) пасайганига қарамасдан, декабрь ойида Тошкент шаҳрида Аи-80 автобензин ўртача чакана нархи (7611 сўм) ноябрь ойига (7440 сўм) нисбатан 2,3 фоизга кўтарилди.

Бу эса декабрь ойининг ўрталарида совуқ ҳаво иқлимининг кириб келиши билан метан газ таъминотидаги чекланишлар натижасида Аи-80 бензинга бўлган талабнинг сезиларли даражада ошиши билан изоҳланиши мумкин.

«Мамлакатимизда нефть ва автобензин маҳсулотларига бўлган талабнинг бир қисми импорт ҳисобига қопланиши сабабли жаҳон бозорида нефть нархларининг ўзгариши ички бозорда автобензин нархларига сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда. Демак, Ўзбекистонда автобензин нархлари 1 ойлик кечикиш (лаг) билан жаҳон бозорида нефть нархи билан уйғунликда ҳаракат қилмоқда», — дея таъкидлайди экспертлар.