Давлат солиқ қўмитасининг жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси раҳбари, матбуот котиби Дилдора Хашимова «Газета.uz» мухбирига Yandex Go ва Ўзбекистондаги онлайн такси хизматларини тақдим этувчи компаниялар фаолияти юзасидан интервью берди. Интервью давомида нима учун Yandex Go хизмати бугунги кунга келибгина солиқ резиденти бўлган компания томонидан тақдим этила бошлагани, Yandex`нинг бошқа корхоналардан фарқи, Ўзбекистондаги йўловчи ташиш фаолияти ҳақидаги саволларга жавоб берилди.

Скрин: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматиСкрин: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

— Нима учун Yandex Go Ўзбекистонда солиқ резиденти сифатида фақат шу кунга келибгина рўйхатдан ўтди? Компания фаолияти шу кунгача солиқ нуқтаи назаридан қандай амалга оширилган?

— Yandex Go хизмати Ўзбекистон солиқ резиденти бўлгунга қадар хорижий компания сифатида ишлаган, яъни биз учун импорт хизмат ҳисобланган. Ridetech International B.V. хорижий компанияси томонидан ишлаб чиқилган Yandex платформасидан Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахслар, яъни Ridetech International B.V.`нинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари хизмат кўрсатиш учун фойдаланган.

Солиқ қонунчилигига кўра, солиқ тўловчи солиқларни ёки ўзи тўғридан-тўғри ҳисоблаб чиқади ва тўлайди, ёки бу мажбурият солиқ агентларига юклатилади. Yandex Go хизматида иккинчи ҳолат бўлган. Чет эл компаниясидан импорт қилинган хизматларга Ўзбекистондаги юридик шахслар — таксопарклар импорт хизматидан қўшилган қиймат солиғини тўлаган, айрим ҳолатларда фойда солиғини ҳам тўлаган. Чунки бу ерда имтиёз қўлланиладиган ва қўлланилмайдиган жойлари бор. Ўша ҳолатлардан келиб чиқиб, ичида озгина фойда солиғи бўлиши ҳам мумкин. Лекин асосий қисми импорт хизмати учун қўшилган қиймат солиғи бўлган ва биз бу тўланган солиқлар миқдорини эълон ҳам қилдик: 25,3 млрд сўмга яқин.

Yandex бу йўловчи ташиш хизмати, етказиб бериш хизмати каби турли хизматларни ичига олувчи электрон платформа ҳисобланади. Ушбу платформадан фойдаланувчилар ва уларга бу фойдаланиш ҳуқуқини берувчилар мавжуд. Ўша ҳуқуқни бериш учун Yandex Go хизмати Ўзбекистондаги юридик шахслар билан шартнома тузиб, ишлаган. Ҳозирда бизда йўловчи ташиш фаолияти билан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланади, шунингдек, рўйхатдан ўтмай бу фаолият билан шуғулланадиганлар ҳам кўп.

Авваллари такси фаолияти билан қонуний рўйхатдан ўтиб, шуғулланиш учун солиқ тўланарди. Такси ҳайдовчилари якка тартибдаги тадбиркор сифатида, ёки юридик шахснинг (таксопарк) ишчиси сифатида ишлар эди. Лекин қонунчиликка ўзгартириш киритилди ва такси фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларга даромад солиғидан имтиёз бериш мақсадида бу фаолият тури ҳам ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари қаторига киритилди. Бундан мақсад расмий даромадга эга бўлмаган фуқароларни расмий даромадга эга бўлишини таъминлаш эди.

Бу имконият яратилгандан кейин айрим фуқаролар расмий рўйхатдан ўтиб ишлашни бошлади, лекин ҳозирги кунгача ҳам расмий рўйхатдан ўтмасдан мазкур фаолият билан шуғулланиб келаётганлар ҳам бор. Уларга нима учун солиқ органи чора кўрмайди деган савол туғилиши мумкин? Солиқ органининг ҳар бир таксини тўхтатиб, рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганини текшириш имконияти йўқ.

Ҳозирда солиқ органларининг асосий ишлаш йўналиши чора кўриш эмас, кўмак бериш. Давлатимиз раҳбари томонидан солиқ органларига қайси йўналишда ишлаши кераклиги белгилаб берилган. Мақсадимиз — қонуний фаолият кўрсатмаётганларни аниқлаб, уларни қонуний фаолият кўрсатишга олиб кириш. Бу ерда даромад солиғи бўлмагани сабабли давлатга катта зарар етяпти, ёки буни кескин тўхтатиш керак деган масала йўқ. Лекин бозорда барча ўз фаолиятини қонуний тарзда олиб бориши керак.

Шу ўринда солиқ органининг катта «плюси» сифатида бир нарсани айтиб ўтишим керак. 1 декабрдан ўз фаолиятини солиқ резиденти сифатида давом эттиришга ўтганидан кейин Yandex Go хизмати билан олиб борилган музокараларда биз солиқ органи сифатида «Yandex Go платформасидан фойдаланадиганларга талаб қўясан, у қонуний рўйхатдан ўтган ёки йўқлигини сўрайсан», деб шарт қўя олдик.

Авваллари бу солиқ тўловчи хорижий компания бўлгани учун бундай талабни қўя олмасдик. Сабаби улар хорижда белгиланган талабларга асосан фаолият кўрсатади. Биздаги таксопарклар, яъни ўша хизматни импорт қилаётганлар платформанинг эгаси бўлмагани учун унга талаб қўя олмасди.

Лекин таксопарклар [ҳайдовчиларга] «биз сенга шу хизматни таклиф этяпмиз, фаолиятингни қонунийлаштир», дейиши керак эди. Ҳозир бу жараён бошланган. Yandex`ни солиқ резиденти қилганимиздан кейин, Ўзбекистон солиқ маълумотлар базасига тўлиқ интеграция қилганимиздан кейин эндиги талаблар ҳам босқичма-босқич қўйилмоқда. Ҳали ҳал қилишимиз керак бўлган масалаларимиз турибди, барчасини кетма-кетликда бажарамиз.

Авваллари сиз уйда ўтириб такси чақира олмасдингиз. Совуқ кунми, жазирама иссиқми, сизда чиқиш имконияти бор ёки йўқми, агар маҳалланинг ичида турсангиз кўчанинг бошига чиқишингизга тўғри келар эди. Ҳозир қайсидир ишингизни қилиб турган вақтингизнинг ўзида ўша платформадан такси чақириб, ҳайдовчи ким экани, унинг телефон рақами каби барча маълумотларга эга бўласиз.

Бизнинг асосий вазифамиз бу хизматни ўчириб қўйиш эмасди. Қонуний ишламаётгани учун ўчириб қўйиш деган масала олдимизда турган эмасди. Биз уни қонунийлаштириб, Ўзбекистонга яна бир йирик солиқ тўловчини олиб киришимиз керак эди. Ҳозир улар аниқ йирик солиқ тўловчи бўлади деб айтолмайман, чунки бундай турдаги солиқ тўловчи бўлиш учун белгиланган мезонлар бор, улар мос тушадиган мезонлардан бири бу — айланмаси солиқ даврида 100 млрд сўмдан ошиши кераклиги саналади. Биз бу фаолиятни ҳар бир йўналиши бўйича қонунийлаштиришимиз керак эди. Сабаби йўналишлар битта эмас, интеграция масаласи бўладими, солиққа тортиш масаласими ёки фискаллаштиришми, ҳар бир йўналиш қайси тартибда ишлашини аниқлаб, қонунийлаштиришимиз керак эди.

Ҳозир кўп жараёнлар якунланган, лекин яна баъзи масалалар мавжуд, улар якунланиш босқичида.

Yandex Go`ни тўғридан-тўғри ўчириб қўйганимизда бизни нима кутар эди? Халқни ушбу хизматдан фойдаланишдан бир куннинг ўзида чеклаб қўйиш, хизматни йўқ қилиш, бундан ташқари расмий ёки норасмий даромадга эга бўлаётган фуқароларни даромадларидан чеклаш кутарди. Бу эса ўз навбатида катта эътирозларни келтириб чиқарарди. Шунинг учун, бизнинг мақсадимиз «солиқчи-кўмакчи» тамойилини давом эттирган ҳолда компания билан ҳамкорлик олиб бориб, келишиб, барча жараёнларни қонунийлаштириш эди.

Бундан нима ютамиз? Бир томондан, ушбу хизмат мавжуд бўлади, фойдаланувчилар қулай хизматдан фойдаланади, даромад олувчилар даромадини олишда давом этади. Шунингдек, ушбу фаолият қонунийлашиб, давлат бюджетига солиқлар келиб тушади. Биз қонуний рўйхатдан ўтказишга эришдик, буни ўзимиз учун катта ютуқ деб ҳисоблаймиз. Ҳеч қандай узилишларсиз бу нарсага эришдик.

Бундай фаолият билан шуғулланувчилар фақат битта эмас, агар номи чиққанларини санасак, MyTaxi бор, Uklon бор, бундан ташқари, ҳудудларда такси хизмати билан шуғулланувчи кўплаб кичик ёки йирик компаниялар бор. Энг кўп буюртма бериладиган хизмат Yandex Go бўлгани ва бу компаниянинг ўзи ҳам солиқ органлари билан интеграция масаласида ишлагани сабабли биз бу компания билан мазкур йўналишда ишладик. Бундан ташқари, параллель равишда MyTaxi билан ҳам, Uklon билан ҳам ишладик.

-Yandex ҳақидаги эътирозлар бир неча йилдан буён янграб келади. Нима учун компаниянинг солиқ резидентига айланиши бугунги кунга келибгина рўй берди? Нима учун олдинроқ эмас?

— Қонунчиликка йўловчи ташиш платформалари солиқ маълумотлар базасига интеграция қилиниши кераклиги 5108-сонли президент қарори билан 2021 йил сентябрь ойидан кирди. Буни инобатга олишимиз керак. Шунингдек, бу хорижий компания ҳисобланади ва давлатлараро шартномалар мавжуд. Шу шартномаларга асосан ҳам, компания Ўзбекистонда резидентга айланиб, солиқларни тўлаши учун ҳуқуқий базамизни тўғрилашимиз керак эди.

Биз ташиш хизматини фақат Ўзбекистон резиденти кўрсатади, деганимиз йўқ. Сабаби, бу хизматни платформа орқали импорт хизмати кўринишида ҳам кўрсатиш мумкин. Шунинг учун биз уни чеклолмасдик. Лекин тегишли йўналишларда ишлар олиб борилган.

Ушбу 3 йилдан ортиқ даврда мазкур фаолият билан шуғулланганлар, яъни бозор ичидаги барча юридик шахслар, Yandex Go ҳамкорлари бўладими, Yandex Go`нинг ўзи бўладими, қайси тартибда ишлаган-у, қайси йўналишлар солиққа тортилган ёки тортилмагани бўйича ишлар ичкарида давом этяпти. Бу бўйича ҳозир сизга аниқ маълумотни беролмайман. Ўрганишлар тугаганидан кейин мазкур йўналишдаги назорат тадбирлари қачон бошлангани ва қандай натижа билан тугагани, қўшимча солиқлар ҳисоблангани ёки ҳисобланмагани бўйича маълумотларни эълон қиламиз.

Интеграция жараёни бир симни олиб бошқа сим билан улаб қўйиш, дегани эмас. Бу ерда қонунчилик ёки техник тарафдан қилинадиган жуда кўп ишлар бор эди. Бу жараёнлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Шу сабабли иш жараёнини тўхтатмасдан, унга халал бермасдан, босқичма-босқич, тўғри киритиб олиш учун маълум вақт кетди ва бунга эришдик, деб ўйлаймиз.

1-декабрдан бошлаб биринчи бўлиб шу Yaxdex Go`да фискал чеклар шакллантириб бериш бошланди. MyTaxi ва Uklon`да ҳам бу жараён бошланиши керак, улар билан ҳам интеграция жараёни якунланган.

Яна бир нарсани айтиб ўтишим керак: Солиқ қўмитасининг интеграция жараёнидаги ва фискал маълумотлар бўйича жараёнлардаги талаблари Yandex Go учун бошқача, MyTaxi учун бошқача, Uklon учун бошқача эмас. Барча платформалар учун интеграция жараёни бир хил.

Йўловчи ташиш билан шуғулланувчи барча платформалар қонунчиликда белгиланган тартибда интеграцияни амалга ошириши кераклигини ҳам таъкидлаб ўтишим лозим. Улар ҳам фискал маълумотларни шакллантириши шарт. Бунга ҳам етиб борамиз. Энг катта бозор иштирокчиси шулар бўлгани учун ишлар ҳам улардан бошланди.

Yandex Go солиқларни тўлаяптими? Тўлашни бошладими? Қанча тўлаяпти? Шу каби саволларга ҳам жавоб бериб ўтишимиз керак. Солиқ қонунчилигида белгиланган тартибга асосан солиқ тўловчи рўйхатдан ўтган ойдан кейинги ойдан бошлаб ўша рўйхатдан ўтган ойидаги айланмаси тўғрисидаги тўлиқ ҳисоботларни солиқ органига топширади ва солиқларни тўлайди. Рўйхатдан ўтган ойидан бошламайди.

Ўзи Yandex Go рўйхатдан 1-декабрда ўтмаган, хизматларни мавжуд юридик шахс номидан кўрсатишни бошлаган (YandexGo UB назарда тутилмоқда, у 2022 йил 12 апрелда рўйхатдан ўтган). Солиқ органи ҳам ўз маълумотида «рўйхатдан ўтди» демади. 2023 йил 1 декабрдан ўз фаолиятини YandexGo UB солиқ резиденти сифатида давом эттиради, деган маълумот берди.

Бунга асос қилиб чеклар Ridetech International B.V. номидан эмас, YandexGo UB номидан берила бошлаганини келтиришимиз мумкин. Ridetech International B.V.нинг «фаолиятимизни шу компания номидан давом эттирамиз», деган хати ҳам мавжуд.

— Қўмита учун Yandex Go`нинг бошқа компаниялардан принципиал фарқи борми?

— Йўқ. Солиқ тизими учун солиқ тўловчилар мавжуд. Барча солиқ тўловчилар учун бир хил шароит мавжуд, барча солиқ тўловчилар Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган солиқларни тўлайди, агар давлатлараро шартномаларда кўрсатилган бошқа талаблар бўлмаса. (Давлат солиқ қўмитасининг аниқлик киритишича, Солиқ кодексининг 255-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди реализация қилиш жойи бўлган хизматлар солиқ тўловчилар сифатида солиқ органларида ҳисобда турмаган чет эллик шахслар томонидан реализация қилинган тақдирда, солиқ базаси солиқ агентлари томонидан ушбу хизматларни солиқ ҳисобга олинган ҳолда реализация қилишдан олинган даромаднинг суммаси сифатида аниқланади.

Шунингдек, кодекснинг 351-моддасига мувофиқ, норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган ва доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган даромадларидан олинадиган солиқ норезидентга даромад тўловчи солиқ агенти томонидан ҳисоблаб чиқарилади ва ушлаб қолинади. Солиқ кодексининг 2-моддасида, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши белгиланган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси ва Нидерландия Қироллиги ўртасида 2001 йил 18 октябрда имзоланган «Даромад ва фойда солиқларига нисбатан икки ёқлама солиққа тортишни бартараф қилиш, солиқларни тўлашдан қочиш ва бош тортишни олдини олиш тўғрисида»ги конвенцияга мувофиқ, роялти тарзидаги даромад учун 0 фоиз миқдорида ставка белгиланган.

Солиқ кодексининг 23-моддасига мувофиқ, зиммасига солиқларни ҳисоблаб чиқариш, солиқ тўловчидан ушлаб қолиш ва бюджет тизимига ўтказиш мажбурияти юклатилган шахслар солиқ агентлари деб эътироф этилади.

Қайд этилганларга асосан, «Yandex GO» билан шартнома тузган ташкилотлар томонидан солиқ агентлари сифатида 2018−2023 йилларда 25,3 млрд.сўм солиқлар бюджетга ҳисобланган. Солиқ агентлари томонидан мазкур даврда солиқлар тўлиқ ва тўғри ҳисобланганлиги бўйича назорат тадбирлари ўтказилмоқда).

— Yandex Go қайси турдаги солиқларни тўлаши кутилмоқда?

— Бизнинг ҳозирги таҳлилларимизга кўра, январь ойида танлаган режимига асосан у қўшилган қиймат ва фойда солиғи тўловчиси бўлади. Агар ишчилари бўлса, ишчиларидан даромад солиғини ушлаб қолиб, бюджетга ўтказувчи солиқ агенти ҳам бўлади. Агар ер, мол-мулки бўладиган бўлса, ресурс солиқларини — ер, мол-мулк ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлайди. Агар дивиденд кўринишидаги даромадларни олса, дивиденд солиғи тўловчиси ҳам бўлиб ҳисобланади.

— Uklon ва MyTaxi қандай солиқлар тўлаяпти?

— Uklon ва MyTaxi ҳам солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган ва ҳозирги кунда улар IT Park резиденти бўлгани сабабли солиқдан озод этилган. Агар Yandex Go`чи, дейиладиган бўлса, солиқ имтиёзидан фойдаланиш бу мажбурият эмас ҳуқуқ эканини эслатишим керак бўлади. Солиқ тўловчи истаса солиқ имтиёзидан фойдаланади, истамаса йўқ. Солиқ органи солиқ тўловчидан нима учун берилган имтиёздан фойдаланмаётганини сўрамайди. YandexGo UB МЧЖ ҳали IT Park резиденти эмас ва солиқ имтиёзлари йўқ.

Uklon ва MyTaxi эса IT Park резиденти сифатида барча турдаги солиқлардан озод этилган. Фақат ишчилари учун даромад солиғини пасайтирилган ставкада қўллаб, ушлаб қолади ва бюджетга ўтказади.

— Учала компания учун ва бозорга бундан кейин кириши мумкин бўлган компаниялар учун ҳам тенг шароит мавжуд дея оласизми?

— Тенг шароит мавжуд. Юқорида айтиб ўтганимдек улар интеграция қилиши керак, ишчиларини рўйхатдан тўғри ўтказиши керак, агар улар ўзини ўзи банд қилган фуқаролар бўлса, уларга давлат рўйхатидан ўтиши бўйича талаб қўйиши керак. Барча учун талаб бир хил.

— Ridetech International B.V. Солиқ қўмитасига жўнатган расмий хатнинг қандай юридик кучи бор? YandexGo UB ва Ridetech International B.V. ўртасидаги ваколат ва мажбуриятлар акс этган битим Давлат солиқ қўмитасида мавжудми?

— Давлат солиқ қўмитаси солиқ тўловчилар билан муносабатларни ёзма ёки электрон шаклдаги хатлар орқали олиб боради. Шу вақтгача, яъни 3 йил ичида Yandex Go хизмати бўйича фақат Ridetech International B.V. билан алоқалар бўлган ва ёзишмалар шу корхона билан амалга оширилган.

Сўнгги марта ҳам Давлат солиқ қўмитаси ўз талабларини Ridetech International B.V.га қўйган, «Ўзбекистон солиқ резиденти бўлиб рўйхатдан ўтасан, ахборот тизимларингни интеграция қиласан ва фискаллаштирсан», деб.

Мазкур корхона кейинчалик расмий хатида «Давлат солиқ қўмитасининг талабларини бажарамиз, 1 декабрдан Ўзбекистон солиқ резиденти сифатида YandexGo UB номидан фаолиятимизни давом эттирамиз, интеграция жараёнини тўлиқ якунлаймиз ва фискал чекларни беришни бошлаймиз», деб маълум қилган. Расмий маълумотда хатга асосан деганимизнинг сабаби биз ҳали ҳисоб-китоблар YandexGo UB номидан юритилаётганини кўрмагандик.

Ҳозирги пайт ҳақида гапирсак, Yandex Go хизмати YandexGo UB номидан амалга оширилаётгани ҳақидаги ҳисоб-китоблар, фактлар шакллана бошлади.

— Демак ҳозир кимдир Yandex Go хизматидан фойдаланса, унинг тўлови YandexGo UB ҳисобига келиб тушяпти, шундайми?

— Шундай. Ҳисобига келиб тушиш жараёнида ҳам қилишимиз керак бўлган ишларимиз бор. Сабаби шу вақтгача Ridetech International B.V. таксопаркларга хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини берган ва таксопарклар такси ҳайдовчилари билан ишлаган. Бизнинг таҳлилларимизга кўра, ҳозир ҳам вазият худди шундай, YandexGo UB тўғридан-тўғри ҳайдовчилар билан ишлаётгани йўқ.

Компания шартномани таксопарклар билан қиляпти, таксопарклар эса ўзини ўзи банд қилган ёки ҳали давлат рўйхатидан ўтмаган фуқаролар билан ишлаяпти. Занжирни тўғри йўлга қўйиб олиш учун биз биринчи навбатда ўша ўзини ўзи банд қилган ва солиқдан озод этилган фуқароларни тўлиқ рўйхатга киритиб олишимиз ва даромад уларга ўтказилаётганини тасдиқлашимиз лозим. Ҳозир шу жараён кетяпти.

Агар улар рўйхатдан ўтмаса, даромадлар солиқ базасида тўғри шаклланмаслиги мумкин. Таксистнинг даромади таксопаркка ёки таксопаркни даромади Yandex`га тушиб қолиши мумкин. Бошқа солиқ тўловчиларда ҳам шундай ҳолатлар бўлади, бундай ҳолатларда биз чекларни таҳрирлаш ва бошқа масалаларда ёрдам берамиз.

— Yandex Go солиқ резиденти сифатида ишлай бошлагандан кейин, ўз хизматлари учун комиссиясини оширди. Ижтимоий тармоқларда эса Давлат солиқ қўмитаси Yandex Go`ни солиққа тортмоқчи эдими ёки ҳайдовчиларними, деган саволлар пайдо бўлди. Бунга қандай жавоб берасиз?

— Ўзбекистонда йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчи фуқаролар даромад солиғидан тўлиқ озод қилинган. Уларнинг даромади ҳисоб-китоб қилинмайди ва уларга Yandex Go солиқ резидентига айланганидан кейин ҳам солиқ тўлаш талаби қўйилмаган. Солиқ қўмитаси шу хизматни йўқ қилиб қўймаслик ва бу иш билан шуғулланувчи фуқароларни даромадсиз қолдирмаслик учун ҳам юқорида таъкидланган ишларни аста-секинлик билан амалга оширди. Бу жараён мана шу одамларнинг даромадларини сақлаб қолиш учун, уларни ишсиз қилиб қўймаслик учун тез ва оғриқли кечмади. Сабаби уларнинг ортида қанча оила, уларнинг фарзандлари турибди.

Юқорида Yandex Go Ўзбекистонда солиқ резиденти бўлганидан кейин қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчиси бўляпти, деб айтдик. Шу жараёнда у ўз хизматларига қандайдир ўзгартиришлар киритиб, хизматлари нархини ўзгартириши мумкин. Бу жараёнда хизматлар нархи ва бу хизматлар эвазига олинаётган даромад фоизлари белгиланиши бўйича саволларга эса Рақобат қўмитаси жавоб бериши тўғрироқ бўлади.

— Демак, Давлат солиқ қўмитаси эҳтиёткорлик деганда шу фаолият билан шуғулланаётганлар учун жараён оғриқли кечмаслигини таъминлашни назарда тутган, шундайми?

— Биринчи ишимиз шу бўлган. Даромадсиз фуқаролар шу ердан даромад олиб оиласини, бола-чақасини боқяпти. Уларни даромадсиз қилиб қўймаслигимиз керак эди. Бундан ташқари фуқароларимиз осон ва қулай хизматдан фойдаланаётган вақтда ўша хизматни йўқ қилиб қўймаслигимиз керак эди. Шуни уддаладик.

— Ўзбекистонда ҳозир қанча одам такси агрегаторлари орқали фаолият юритмоқда? Уларнинг даромадлари бўйича маълумотлар мавжудми? Буларнинг қанчаси Yandex Go улушига тўғри келади?

— Бу фаолият билан шуғулланувчилар Yandex Go`да ҳам Uklon`да ҳам, MyTaxi`да ҳам рўйхатдан ўтиши мумкин. Шунингдек, кимдир кунига 12 соат, кимдир 3 соат, кимдир 10 дақиқа ишлаши мумкин. Кимдир доимий, кимдир эса фақат қачондир вақти бўлганда йўловчи ташиши мумкин. Улар ҳақидаги маълумотлар турли ҳисоб-китобларда акс этганини ҳисобга олиб, 500 мингдан 1 млн нафаргача фуқаролар ўзини қисман ёки тўлиқ шу фаолият билан банд қилмоқда, деб эълон қилдик, аниқ рақамларни эмас.

Расман давлат рўйхатидан ўтиб, ўзини ўзи банд қилган ҳолда бу фаолият билан шуғулланаётганлар 262,5 минг нафарни ташкил этмоқда ва бу рўйхат кенгайиб боради. Сабаби, Yandex Go’га ҳайдовчиларни қонуний рўйхатдан ўтказиш талаби қўйилмоқда. Таксопарклар талаб қилишни бошлагандан кейин, эндиликда биз аниқ рақамлар қандайлигини биламиз. Бу рақамларни эълон қилиб борамиз.

— Yandex Go мижозларига QR кодли чеклар бериши масаласи қайси босқичда? Ҳозир нақд ёки карта орқали тўлов амалга оширилганда мижозларга тўлиқ чек бериляптими?

— Yandex Go 1 декабрдан карта орқали, яъни нақдсиз тўлов учун чек шакллантиришни йўлга қўйди. Нақд пул билан тўлов амалга оширилганда чек бериш масаласи ҳозир жараёнда. Лекин бу талаб ҳам тўлиқ бажарилади. Нафақат Yandex Go`га, MyTaxi`га ҳам, Uklon`га ҳам, бошқа йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарга ҳам бу талаб қўйилади. Фақат Yandex Go буни биринчи бўлиб бажара бошлади. MyTaxi ва Uklon жараённи якунлаган бўлса ҳам, ҳали чек беришни бошлагани йўқ, буни ҳам инобатга олишимиз керак.