22 декабрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда президент диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас жаҳолатга ундаётган кишилар пайдо бўлаётганини таъкидлади.

«Мана биз асосий қонунимиздаги фундаментал принциплардан келиб чиқиб дунёвий давлат концепциясини ишлаб чиқяпмиз. Нима учун бунга зарурият туғилмоқда? Ўзингиз кўряпсиз, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали, асосан четдан, баъзан ҳатто мамлакатимизнинг ўзида ҳам конституция ва қонунларимизга зид позициялар илгари сурилмоқда», — деди президент.

«Баъзи гуруҳлар орасида диний қарашларини конституция ва қонунларимизга қарши ҳамда улардан устун қўйиш ҳолатлари кучаймоқда. Диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас жаҳолатга ундаётган кишилар пайдо бўлмоқда. Кўп хотинлик, „аёл киши ишламасдан уйда ўтириши, ўқимаслиги керак, дунёвий қадриятлар ҳаром“ деган сохта даъватлар янграмоқда. Улуғ маърифатпарвар Ибрат домланинг „Миллатни ким ислоҳ этар, уламо ғайрат этганда миллат албатта ислоҳ топур“ деган ҳикматли сўзларида чуқур маъно бор», — деди Мирзиёев.

«Фурсатдан фойдаланиб, мен муҳтарам уламоларимиз, дин пешволарини инсон қадрини улуғлаш, тинчлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларимизда фаол бўлишга, ўзларининг маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак кўрсатишга чақираман», — деди давлат раҳбари.

Президент, шунингдек, Ҳаж ва Умра зиёратига бориб келганлар орасида ўзини кўз кўз қилиш, манманликка берилиш каби ҳолатлар кузатилаётганини танқид қилди.

«Маълумки кейинги йилларда Ҳаж, Умра зиёратларига кенг йўл очяпмиз, минглаб фуқаролар мана шундай қутлуғ зиёратларга бориб келаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Бу борада илгари ҳам айтган бир фикримни такрорламоқчиман: Ҳажга, Умрага бориб келган ҳар бир юртдошимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши керак. Афсуски ҳамма жойда ҳам шундай бўлмаяпти. Зиёрат баҳона ўзини кўз-кўз қилиш, манманликка берилиш каби бизга ярашмайдиган хунук ҳолатлар кўзга ташланяпти. Булар, албатта, барчамизни ўйлантириши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан бирга, президент Ўзбекистон мусулмонлари идораси, хусусан, муфтий ҳазратлари, шайх Нуриддин Холиқназаровнинг диний маърифат соҳасида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини барча қўллаб-қувватлашини қайд этди.