Президент Шавкат Мирзиёев нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятлари кенгайтирилиши ва моддий-техник базаси мустаҳкамланиши зарурлигини таъкидлади. У бу ҳақда 22 декабрь куни Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида гапирди.

Давлат раҳбари шу мақсадда ушбу корхоналар 5 йилга солиқлардан озод қилинишини ва уларга имтиёзли кредитлар ажратилишини маълум қилди. Таржимонликни рағбатлантириш учун шоир ва таржимон Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этишни таклиф этди.

«Ҳудудлардаги болалар кутубхоналари босқичма-босқич болаларнинг севимли масканига айлантирилади. Келгуси йилдан миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини кўп минг нусхаларда чоп этиш ва барча кутубхоналарга етказиб берилади», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, ҳар йили энг яхши бадиий асарлар яратиш, таржима қилиш учун ижодий буюртмалар берилиб, муаллиф ва таржимонларга муносиб қалам ҳақи тўлаш режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, алломаларнинг ёшлиги ҳақида китоблар ёзиш, ёзганда ҳам болаларбоп қилиб ёзиш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бу ишларни рағбатлантириш, янги босқичга кўтариш учун келгуси йили Ўзбекистонда Халқаро болалар адабиёти кўргазмаси ташкил этилади.