Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси айрим йирик савдо тармоқларининг «харид иллюзияси»ни келтириб чиқарувчи чегирма ҳақидаги рекламаларидан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда интернет, ижтимоий тармоқларда бирор компаниянинг йиллиги, миллий байрам ёки бошқа кунларда акциялар, товарларнинг келишилган миқдорини сотиб олиш шарти билан тақдим этиладиган чегирмалар ташкил қилингани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Қўмита томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, айрим йирик савдо тармоқлари дастлаб таклиф қилинадиган товарларнинг нархларини иложи борича ҳаддан ташқари ошириб юборади, сўнгра уларнинг нархи ҳақиқий нархигача туширади. Бу эса харидорларда фойдали харид ҳаёли (иллюзияси)ни келтириб чиқариши мумкин.

«Одатда кўпинча, байрамлар олдидан йирик савдо марказлари ва дўконлар товар нархларини кескин кўтариши, кейин эса чегирмалар эълон қилиш орқали гўёки, товар нархларини кескин туширилгани тўғрисида рекламалар берилади. Ҳақиқатда эса чегирмадаги товар нархи эски нархдаги ҳолатига қайтариб, гўёки 20−30 фоиз чегирмалар қўлланилгандек тақдим этилади», — дейилади хабарда.

«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги белгиланган.

Қўмита товарларни, маҳсулотларни чегирма билан сотиш ҳолатларига эътиборлироқ бўлиш, товарларни сотиб олишдан олдин унинг сифати ва нуқсонсиз эканлигнини текширишни унутмаслика чақирди.

Шунингдек, товарларларни чегирма билан харид қилишда тўсиқ ва муаммолар ёки нотўғри ва ишончсиз рекламаларни тарқатиш ҳолатлари кузатилган тақдирда 1159 ишонч рақамига мурожаат қилишни сўради.