Сенатнинг 48-ялпи мажлисида сенаторлар 2024 йилга мўлжалланган давлат бюджети тўғрисидаги қонунни кўриб чиқишди. Унда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси, сенатор Гулнора Маруфова етим болалар уй сотиб олиши учун ажратилган маблағлар камлигини танқид қилди. У иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга бу маблағлар қайси мезонлар асосида белгилангани ҳақидаги савол билан юзланди. «Газета.uz» бунга эътибор қаратди.

«Бу йил етим болаларга ажратилган уй-жойлар сотиб олиш учун давлат бюджетидан 120 миллиард сўм ажратилган эди. Бу йил 424 нафар болаларимизга республика бўйича 60,1 миллиард ажратилибди. Лекин бу ажратилган маблағдан ҳам 20,9 миллиард сўм 153 та уй-жой сотиб олишга ёналтирилган. Демак, бу йилимиз тугаяпти, бу маблағдан фақат 17 фоизи [уй сотиб олиш учун] ажратилганини кўрсатиб турибди», — деди сенатор.

Гулнора Маруфова Бухорода ота-онасиз болаларга ажратилган пулларга уй олиб берилмаганини маълум қилди.

«Биргина Бухоро вилояти таҳлил қилганимизда, 7 нафар болалар учун давлат бюджетидан тегишли маблағлар ажратилган. Лекин бугунги кунга қадар биронта ҳам уй жой у болаларга олиб берилмаган. Бу каби ҳолатлар бошқа ҳудудларда учрамоқда. Таҳлил қилиб кўрганимизда, бу муаммога белгиланган ҳисоб-китоблар амалдаги ҳолатга тўғри келмаслиги сабаб эканини кўряпмиз», - деди Маруфова.

«Бир хонали квартира учун [2024 йилги] давлат бюджетидан 137,5 миллион сўм ажратилиши белгиланган. Ҳозирги вақтда эса, кўриб турибмиз, марказларимизни қўйиб турайлик, чекка ҳудудларимизда ҳам бир хонали квартирани сотиб олиш жуда ҳам қийин. Биз болаларга эса шу маблағни ажратяпмиз. Болаларимизга уй-жойни рўзғор анжомлари, маиший техникалари билан ажратиб беришимиз керак».

«Мазкур йўналишда давлат бюджети параметрларида белгиланган маблағ қайси мезонларга асосан ҳисоб китоб қилинади? Нима учун улар амалдаги ҳолатга тўғри келмаяпти? 2024 йилда ҳам 1 хонали квартирани харид қилиш учун қандай сумма белгиланяпти?», — дея Жамшид Қўчқоровга Гулнора Маруфова савол берди.

Жамшид Қўшқоров етимлар уй-жой сотиб олиши учун ажратилиши керак бўлган маблағлар 1 квадрат метр уй-жойни 6,6 миллион сўмдан ҳисобланганини маълум қилди.

Жамшид ҚўчқоровЖамшид Қўчқоров

«Сиз айтган масала бўйича биз келгуси йил давлат бюджети лойиҳасида 120 миллиард сўм маблағ кўзда тутилган. Бу маблағ ўзлаштирилмай қолаётгани, албатта, биз учун сигнал бўлади. Сизни мезонлар ҳақида саволингиз[га келсак], бунинг асосий сабаби [ажратилиши керак бўлган маблағни] ипотека кредитлари бериш амалиётидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиққанмиз. Яъни 1 квадрат метр уй-жойни 6,6 миллион сўмдан ҳисоблаганмиз», — деди вазир.

«Тўғри, Тошкент шаҳрида албатта бундай уйни, тўғрисини айтганда, топиш жуда ҳам қийин. Лекин шу билан бирга Тошкент шаҳрида келгуси йил учун 25 квадрат метрли уй 210 миллион сўм бўляпти. Бошқа ҳудудларда 165 миллион сўм. Нима учун 25 квадрат метр деб сўрайдиган бўлсангиз, бу қарорларга биноан, етим болаларга 25 квадрат метрли уй-жой ажратиш кўзда тутилган», — деди у.

Жамшид Қўшқоров бу борада қайта ҳисоб китоб қилиш учун рухсат сўради.

«Сизга келтирган ҳисоб-китобларимиз амалиётда қанчалик талабга жавоб бериши бўйича, Танзила Камаловна бизга рухсат берсангиз, биринчи чорак якунигача ҳамма вилоятлар бўйича таҳлил қилиб буни расман киритсак. Керак бўладиган бўлса, бунақа квартира топишни иложи бўлмаса, буни биз ўзгартириб, катта ўзгартириш бўлмайди, Вазирлар Маҳкамаси доирасида ҳам ҳал қилиш мумкин. Шундай ҳудудлар борки, у ерда 25 квадрат метрли уй топиш қийин. Шундан келиб чиқиб, сизга берадиган жавобимиз: бизга вақт берсангиз биз бу масалани кўриб чиқишга вақт сўраймиз. Сизга биринчи чорак якунигача ахборот берамиз», — деди вазир.