Ўзбекистонда 2024 йилда IT хизматларини ривожлантириш учун 65 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда 20 декабрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида IT инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Давлат раҳбари ҳудудларда IT хизматларини ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратилишини эълон қилди. Хусусан, IT компаниялари ҳудудлардаги бўш турган биноларга бир йил муддатга бепул жойлаштирилади. Иқтидорли дастурчиларга бир йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан компьютер ва техникалар берилади.

Шунингдек, 50 дан ортиқ IT мутахассисини ишли қилган компанияларнинг бир йил давомидаги иш ҳақи харажатининг 15 фоизгача қисми қоплаб берилади. Экспортчи корхоналарга четдан эксперт жалб қилиш, халқаро конференцияларда қатнашиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.

Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги IT паркни халқаро миқёсга олиб чиқиш учун келгуси йилда Германия ва Саудия Арабистонида унинг шуъба корхоналарини очиши режалаштирилмоқда.