Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ва «Ўзенергоинспекция» мутахассислари томонидан электр ва газ таъминотидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида назорат тадбирлари ўтказилди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Декабрь ойининг 15 кунида 411 нафар истеъмолчининг табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган. Бунинг оқибатида давлат манфаатларига жами 73 млрд 274 млн сўмлик зарар келтирилган.

Мисол учун, Тошкент вилоятида 20 та ҳолатда тизимга 25 млрд 293 млн сўмлик, Тошкент шаҳрида 30 та ҳолатда тизимга 11 млрд 308 млн сўмдан зиёд ва Фарғона вилоятида 52 та ҳолатда тизимга 7 млрд сўмдан зиёд энергоресурслар талон-торож қилинган.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди, дейилади хабарда.

Вазирлик ушбу ресурсларга талаб ортган пайтда ҳам улардан айрим «тадбиркор»ларнинг ноқонуний ва ўғринча фойдаланишлари тармоқларда ортиқча юкланишларга ҳамда энергия ресурслар таъминоти барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатаётганини қайд этди.