Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари 4 млн гектарни ташкил этади. Ғалла ва пахтанинг ҳар бирига 1 млн гектардан ажратилган. Қолган ер майдонлари бошқа турдаги экинлар ҳиссасига тўғри келади. Бу ерларнинг барчасига бир нечта механик амалиётларни ўз ичига олувчи анъанавий усулда ишлов берилади: экиш олдидан ер шудгорланади, аввал йирик, кейин майда кесаклар юмшатилади.

Бу жараёнлар аввалига ўсимликларнинг ўсиши ва ҳосилга ижобий таъсир қилади. Бироқ узоқ муддатли истиқболда анъанавий деҳқончилик озиқ-овқат хавфсизлиги пойдевори ҳисобланган тупроқни аста-секинлик билан ўлдиради.

Тупроқ унумдорлигини сақлаш бутун дунёда долзарб масала бўлиб турибди. Айнан шунинг учун тупроқни муҳофаза қиладиган деҳқончиликка ўтиш жуда муҳим, дея таъкидлайди Глобал экологик фонд (ГЭФ) Кичик грантлар дастури (КГД) миллий координатори Алексей Волков. «Газета.uz» билан суҳбатда у анъанавий ва тупроқни муҳофаза қиладиган деҳқончилик ўртасидаги фарқ, шунингдек, ГЭФ КГДнинг ерга ишлов беришнинг янги усулларидан фойдаланишга қаратилган лойиҳалари ҳақида сўзлади.

Нима учун ерга ишлов беришнинг анъанавий усули тупроқ учун зарарли?

Тупроқ микрофаунасининг йўқотилиши. Тупроқ унумдорлиги унда яшайдиган микроорганизмларга бевосита боғлиқ. 1 гектар шудгорланадиган ерда 4 дан 10 тоннагача тирик организмлар: бактериялар, замбуруғлар, ҳашаротлар, протозоалар, қуртлар ва бошқалар мавжуд. Уларнинг аксарияти яшаш учун кислородсиз муҳитни талаб қилади. Ерга ишлов бериш вақтида қишлоқ хўжалиги техникаси тупроқ қатламини айлантирганида, унга кислород кириб боради. Бу том маънода микроорганизмларни ўлдиради ва уларнинг яшаш муҳитини йўқ қилади.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

Фото: FAO Uzbekistan.

«Афсуски, кўпчилик фермерлар тупроқ фаунасининг аҳамияти ҳақида ўйламайди. Ваҳоланки, айнан у — тупроқ ва экинларни сақлашнинг асоси. Айнан шу микроорганизмлар бу фермерлар учун пул „қилади“», — дейди Алексей Волков.

Айрим дон ва бошқа турдаги экинлар ўрими ёз ойларига тўғри келади. Ҳосил йиғиб олингач, одатда ер кейинги экинни экиш учун тайёрланади. Шудгорлашдан сўнг унинг ички қатлами устига «ўгирилади». Ташқи муҳит ва тупроқнинг ички қатламидаги ҳарорат ўртасидаги катта фарқ иссиқ ҳароратда ҳалок бўлувчи фойдали тупроқ микроорганизмларига салбий таъсир кўрсатади.

Сувнинг исроф қилиниши. Шудгорланган «яланғоч» тупроқ қуёш таъсири остида қолади. Бу табиий намликнинг буғланиш жараёнини тезлаштиради. Фермерлар намлик етишмовчилигининг ўрнини суғориш билан тўлдиради. Аниқроқ айтганда, тупроққа ишлов бериш жараёнида аввалбошдан ўзимиз қуритиб юборган ерларимизни суғориш учун дарёлардан сув оламиз. Ваҳоланки бу сувдан бошқа ерларни суғориш, тўқай ўрмонларини озиқлантириш, ҳатто Орол денгизи ва дарёларни тўлдириш учун фойдаланиш мумкин эди.

Тупроқнинг сув ва шамол таъсиридаги эрозияси. Механик ишлов бериш тупроқни майдалайди. Тупроқнинг тузилишидаги бу ўзгариш унинг шамол таъсирида осонгина учиб кетишига олиб келади. Бу жараён шамол эрозияси деб аталади. Бу — сўнгги йилларда Ўзбекистон аҳолисига жуда яхши таниш бўлиб қолган чанг бўронларининг тез-тез содир бўлиши билан намоён бўлади. Майдаланган тупроқ, шунингдек, суғориш вақтида сув билан осонгина ювилиб, дарёларга оқиб кетади.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

Уфқда чанг бўрони. Шамол тупроқни даладан узоқлаштирмоқда. Фото: Алексей Волков.

«Бир сантиметр унумдор тупроқ қатламини яратиш учун микроорганизмлардан 150 йил вақт талаб этилади. Анъанавий деҳқончилик шароитида биз йилига микроорганизмларнинг бир ярим асрлик меҳнатини йўққа чиқарамиз», — дея таъкидлайди Алексей Волков.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

Даладаги сув эрозияси излари. Сув тупроқни оқизиб кетган. Фото: Алексей Волков.

Ўсимлик қолдиқларини йиғиб олиш ва органик моддаларнинг йўқотилиши. Ўзбекистонда ўримдан сўнг ўсимлик қолдиқларини даладан йиғиб олиш одат тусига кирган. Улардан, ерни ҳам озиқлантириш зарурлиги эсдан чиққани ҳолда, чорва моллари учун ем сифатида фойдаланилади. Ўсимлик қолдиқлари йиғиб олингач, фермерлар ерни шудгорлаб, яланғочланган тупроқни куйдирувчи қуёш остида ва шамолда қолдирадилар, бу эса, юқорида таъкидланганидек, тупроқнинг эрозияга учраши ва қуриб кетишига олиб келади.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

Яланғочланган тупроқ. Фото: Алексей Волков.

Кўп ҳолларда далалар уларни ўсимлик қолдиқларидан батамом тозалаш мақсадида ёқиб ҳам юборилади. Ёнғин тупроқни янада қуритади, тутун ҳавони ифлослантиради, тупроқ эса ундан ҳар бир ҳосил сўриб оладиган органик моддаларни қайта ололмайди.

«Фермерлар, афсуски, тупроқ ва ўсимлик биологиясини тушунмайди. Кўпчиликка далани шу йўсинда ўсимлик қолдиқларидан „тозалаб ташлаш“ қулай», — дейди Алексей Волков.

Бироқ, ўсимлик қолдиқлари тупроқ учун зарур. Биринчидан, улар ернинг ҳаддан ташқари қизиб кетиши ва қимматбаҳо намликнинг буғланишига йўл қўймаган ҳолда, тупроқни қуёшдан ҳимоя қилади. Иккинчидан, тупроқда яшовчи микроорганизмлар бу қолдиқларни чириндига айлантиради ва тупроқни органик моддалар билан озиқлантиради, дея тушунтиради Алексей Волков.

«Фермерлар тупроқ юзасидан барча қолдиқларни олиб ташлайди, аммо илдизлар қолади. Шу ҳам жуда яхши. Илдизлар тупроқ микроорганизмлари учун озуқа, улар органик моддалардир. Бироқ илдизларнинг ўзигина етарли эмас. Жуда кўплаб органик қолдиқлар зарур, чунки ҳар бир ҳосил — органик моддаларнинг йўқотилиши дегани, унинг ўрнини эса тўлдириш лозим», — таъкидлайди Алексей Волков.

ГЭФ КГД ахборот бюллетени маълумотларига кўра, шудгорланадиган қатламдан чиринди йўқотилиши кўрсаткичи йилига тахминан 760 кг/га ни ташкил этади. Ушбу йўқотишлар ўрнини қоплаш учун ўрим-йиғим қолдиқларининг камида 50 ц/га миқдорида қуруқ органик материал талаб қилинади. Бироқ, фермерлар кимёвий ўғитларни афзал кўради, чунки ўсимлик қолдиқларидан чорва учун озуқа сифатида фойдаланилади. Кимёвий ўғитлар эса самарасиз, сабаби улар тупроқ унумдорлигини сақлашга хизмат қилмайди, балки экилган экинлар учун энергетик қўшимча вазифасини ўтайди.

Меъёридан ортиқча суғориш. Сув танқислиги кучайиб бораётганига қарамай, сувдан фойдаланиш имкониятига эга бўлган ҳар бир фермер далага имкон қадар кўпроқ суюқлик етказиб беришга уринади. Бироқ, Волковнинг сўзларига кўра, тупроқдаги намликни сақлаб қолиш ҳақида деярли бирор бир фермер бош қотирмайди. Бу эса бошқа фермерларга сув етишмаслигига олиб келади.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

Далани туздан ювиш. Фото: Алексей Волков.

Тупроқнинг шўрланиш даражаси юқори бўлган ҳудудларда фермерлар далаларни сув билан тўлдириш орқали тузларни ювади. Бунинг учун улар бир мавсумда 3000−6000 кубометр сув ишлатади. Бироқ бунинг натижасида тупроқ янада шўрланади, чунки, биринчидан, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун фойдаланиладиган сувнинг минераллашув даражаси аввалбошдан юқори. Иккинчидан, меъёридан ортиқча суғориш таркибида кўп миқдорда туз мавжуд бўлган ер ости сувлари даражасини кўтариб юборади.

Намлик буғлангач, ердан кўтарилган туз тупроқнинг устки қатламида қолиб кетади ва уни яна яроқсиз ҳолга келтиради. Бу фермерларни кейинги мавсумда ерни қайтадан ювишга ундайди.

«Бу ҳеч ким бузолмаётган нобоп ҳалқа, ваҳоланки бунинг ечими бор», — дейди Алексей Волков.

Алмашлаб экиш амалиётининг мавжуд эмаслиги. Аксарият фермерлар алмашлаб экишнинг муҳимлигига кўп ҳам аҳамият бермайди ва йиллар давомида бир ерда бир-икки турдаги экинни етиштираверади. Бу қишлоқ хўжалигидаги режали иқтисодиёт билан ҳам боғлиқ: фермерларга пахта ва ғалла етиштириш бўйича режа берилади. Ердан фойдаланишнинг қатъий белгиланган сиёсати туфайли фермерлар қишлоқ хўжалиги ерларининг тўлақонли эгалари эмас ва уларнинг фаолияти ҳар доим, пахта ва ғалла етиштириш бўйича талаб қилинадиган режа бажарилмаган тақдирда, ер майдонларини йўқотиш хавфи остида бўлади. Бу фермерларнинг алмашлаб экишга бўлган иштиёқини янада пасайтиради.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

Экинлар алмашинуви тупроқнинг қайта тикланишига имкон беради. Тупроқ йилдан-йилга буғдой, пахта ёки бошқа исталган бир турдаги экинни етиштирар экан, унда ўша турнинг ўсиши учун зарур бўлган микроэлементлар сарф қилиниб, шу экин билан озиқланадиган патогенлар йиғилиб қолади. Илмий асосланган алмашлаб экиш тупроқдан тўлақонли фойдаланиш имкониятини беради ва тупроқнинг қайта тикланиши учун имкон яратади. Барқарор ва тупроқни муҳофаза қиладиган қишлоқ хўжалиги бир-бирининг ҳосилдорлигини ошириш учун ишлайдиган экинларни навбатма-навбат етиштиришни назарда тутади.

«Алмашлаб экиш шуниси билан ҳам муҳимки, экинлар турли хил илдиз тизимига эга, — деб тушунтиради Алексей Волков. — Айрим илдизлар [тупроққа] чуқур кириб боради, бошқалари эса турли томонларга ёйилади — тупроқ айнан шу тарзда юмшатилади. Бошқачасига айтганда, тупроқни юмшатиш учун техниканинг кераги йўқ, тўғри [танланган] ўсимликлар зарур. Ахир табиатда омочли тракторлар йўқ, тупроқ эса унумдор ва соғлом. Инсон ҳеч қачон табиатдан ақллироқ нарсани ўйлаб тополмайди».

Тупроқнинг зичлашуви. Тупроққа ишлов беришнинг анъанавий усулида ҳар бир амалиёт қишлоқ хўжалиги техникаси ёрдамида амалга оширилади. Тупроқ юмшатилишига қарамай, трактор ва комбайнларнинг оғирлиги остида тупроқ, аксинча, зичлашади. Экинларни экиш учун тупроқ фақатгина қўпол макро даражада юмшатилади. Бироқ оғир вазнли қишлоқ хўжалиги техникаси босими остида тупроқнинг умумий зичлашуви тупроқ каркасини ташкил этувчи зарралар орасида содир бўлади.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

Фото: Сирож Аслонов / ЎзА.

Тупроқ зарралари орасидаги зичлашув микроорганизмларнинг ҳаётига ва тупроқнинг намликни, шунингдек, ҳавони сақлаб туриш ва ўтказиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади. Тупроқнинг бу хоссалари унинг унумдорлиги ва ҳосилдорликка бевосита таъсир қилади. Қолаверса, тупроқнинг зичлашиши кўп миқдорда сув ресурслари сарфини талаб қилади, сабаби зич тупроқ намликни ушлаб қололмайди ва унга кўпроқ миқдорда сув керак.

«Буларнинг барчаси тупроққа анъанавий ишлов бериш унинг биологик ва физиологик хусусиятларининг бузилишига, шўрланишига, намлик, чиринди ва тупроқ унумдорлигининг йўқотилишига олиб келишидан далолат беради. Бу ҳосил ва маблағнинг йўқотилишида намоён бўлади ҳамда фермерлар [фаолияти] ва мамлакат иқтисодиётида акс этади, — дейди Алексей Волков. — Тупроқни муҳофаза қиладиган деҳқончилик ягона ечим бўлиши мумкин, бунда техника далаларга анъанавий деҳқончилик шароитидагига қараганда беш баравар камроқ киритилади».

Тупроқни муҳофаза қиладиган деҳқончилик нима ўзи?

Тупроқни муҳофаза қиладиган деҳқончилик тупроқда намлик, микроорганизмлар ва органик моддалар (гумус)нинг сақланишига имкон беради. Бу қимматли сув ресурсларини тежайди, унумдорликни оширади, шундай экан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайди, шунингдек, фермерларнинг харажатларини қисқартиради.

Бунга қуйидагилар орқали эришилади:

  • тупроқнинг доимий равишда ўсимлик қолдиқлари билан қопланиши;
  • тупроқ унумдорлигини ошириш имконини берувчи алмашлаб экиш;
  • ерга доимий равишда ноль ишлов бериш.

Тупроққа ноль ишлов бериш ёки ноль экиш (no-till технологияси — тупроққа ишлов бермасдан, тўғридан-тўғри экишни назарда тутади — таҳр.) — қишлоқ хўжалиги экинини экиш учун бешта эмас, битта механик амалиёт бажарилишини назарда тутади.

Қишлоқ хўжалиги техникасидан фақат экин экиш учун фойдаланилади. Бунинг учун махсус экин экиш техникаси дала бўйлаб ҳаракатланиб, тиғ ёрдамида тупроқда ингичка кесик ҳосил қилади ва унга уруғларни зарур чуқурликка жойлаштиради. Шудгорлаш ва юмшатиш каби амалиётлар тупроқни безовта қилмайди, унинг барча микрофаунаси сақланиб қолади. Бу тупроқнинг табиий тузилишини шакллантиради, ундаги намликни сақлайди, қуёш ва шамолдан ҳимоя қилади, шамол ва сув эрозиясининг олдини олади.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

ГЭФ КГД томонидан тупроқни муҳофаза қиладиган деҳқончиликка қаратилган лойиҳалардан бири доирасида сотиб олинган no-till технологияси асосида экин экиш техникаси. Фото: Алексей Волков.

Тупроқ ҳар доим ўсимликлар ёки мулча (майдаланган ўсимлик қолдиқларидан иборат қоплама) билан қопланган ҳолда бўлиши учун далада ўсимлик қолдиқларини сақлаш ва йилда иккинчи ёки ҳатто учинчи экинни экиш муҳим аҳамиятга эга. Бу уни қуришдан, қизиб кетишдан ва учиб кетишдан ҳимоя қилади. Бундан ташқари, тупроқни мулчалаш ундаги намликнинг катта миқдорини сақлаб қолади ва суғориш учун сувни тежайди.

Мулча туфайли тупроқда сақланиб қолган намлик ўсимликларнинг вегетацион даврида фойдаланилади — ҳам суғоришга бўлган эҳтиёжни камайтиради, ҳам шўрланган далаларни ювишга кетадиган ва тупроқда тузларнинг тўпланишига шароит яратадиган сув сарфини қисқартиради. Мулчалаш ерни ювиш учун сув сарфини йилига 2000 кубометрга камайтиришга имкон беради ва минерализацияни 1,6−4 бараварга қисқартиради.

Мулчалашнинг яна бир муҳим афзаллиги — бу тупроқни озиқлантириш. Ўсимлик қолдиқлари бизнинг тупроқларимизда етишмаётган органик моддаларни қўшади. Янгийўл қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти бош конструктори Мирзааҳмат Ўсаровнинг сўзларига кўра, бир тонна сомон тупроққа 170−180 килограмм гумус беради — бу бир тонна гўнг берадиган чириндидан икки баробар кўп.

Алексей Волковнинг фикрича, no-till технологияси асосида экишнинг асосий камчилиги — бу бегона ўтлардир. Уларга қарши кураш қийинлашади, бироқ бир неча йиллик истиқболда технология ўз натижаларини беради. Агар экин қолдиқлари ва гербицидлар тўғри бошқарилса, бир неча йиллик доимий мулчалашдан сўнг, фермерлар бегона ўтларни сезиларли даражада бостиришга муваффақ бўлади.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

Қишлоқ хўжалиги экинини экиш учун no-till технологияси асосида экин экиш техникаси диски ёрдамида кесилган мулча. Фото: Алексей Волков.

Тупроқни муҳофаза қиладиган деҳқончиликнинг умумий фойдалари тупроқнинг кимёвий, физик ва биологик ҳолатини яхшилайди, сув сарфи ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиради. Бироқ, энг қизиғи шундаки, no-till технологияси фермерларнинг ёқилғи, техника, меҳнат ресурсларига қиладиган сарф-харажатларини, шунингдек, вақтини сезиларли даражада қисқартиради. Ерга ишлов беришнинг анъанавий усулларидан воз кечиш экиш олдидан талаб этиладиган ишларни тахминан икки ҳафтага қисқартиради, бу эса бир йилда иккинчи экиннинг ҳосилдорлигини оширишга имкон беради.

«Ҳар бир экин учун ерга ишлов беришга 10−15 кун вақт сарф қилинади, — дейди Алексей Волков. — No-till технологиясида, икки марталик ишлов беришдан воз кечиш натижасида, ҳосилнинг пишиб етилиши учун деярли 30 кун вақт қўшилади: у пишиб етилиш учун кўпроқ иссиқ ҳарорат ва кўпроқ вақтга эга бўлади. Бундан келиб чиқадики, ё ҳосилни эртароқ йиғиб олиш мумкин, ёки у янада кучлироқ ва ёғлироқ бўлиб етилади. Айтайлик, буғдойимиз қишки. У кузда, қиш олдидан экилиб, июнь ойида йиғиб олинади. No-till технологияси асосида экиш ҳисобига буғдойни июнь ойининг биринчи ярмида йиғиб олиб, кейин эса ишлов беришга яна икки ҳафта вақт сарфламасдан, бошқа экин экилса, иккинчи ҳосил узоқроқ вақт пишиб етилиш имконига эга бўлади ва кўпроқ ҳосил беради».

Волковнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда кўпинча буғдойдан кейин маккажўхори экилади. Ерга ишлов бериш учун вақт йўқотилгани ҳисобига, баъзан иккинчи ҳосил пишиб етилишга улгурмайди. No-till технологияси асосида экиш экинларга бир ойгача қўшимча вақт беради.

«Албатта, иккита ҳосил кафолатланмаган, бу экинга боғлиқ. Бироқ, no-till технологияси асосида экиш шароитида кўпроқ ҳосил олиш имконияти анъанавий ишлов беришдагига қараганда кўпроқ», — дейди Алексей Волков.

Алексей Волков бошқа афзалликлар қаторида лалми ерларда деҳқончилик қилувчи фермерларнинг ёғингарчиликка боғланиб қолмасликларини кўрсатади.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги лалми ерлар.

«Бундай ерларга тупроққа маълум миқдордаги ёғингарчилик тушгандан кейингина [экин] экиш мумкин. Фермерлар ерга ишлов бериш ишларини бошлай олмайди, экишни кеч муддатларга — октябрь, ноябрь, баъзан декабргача кечиктиради. Аксарият ҳолларда улар [экишга] улгурмай ҳам қолади, сабаби бирданига кўп миқдорда ёғингарчилик тушиши мумкин ва бу ер билан энди ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Лалми ерларга эга фермерлар об-ҳаво ва ёғингарчиликка қаттиқ боғланган. No-till технологияси шароитида улар ҳеч нарсани кутишлари шарт эмас. Экинни исталган вақтда экишлари мумкин. Илк ёғингарчилик тушиши билан уруғлар униб чиқа бошлайди. Экинларнинг пишиб етилиш муддати ҳам бутунлай бошқача. Ҳосилдорлик ҳам юқорироқ бўлади, чунки ўсимликлар кўпроқ намлик, ўсиш учун кўпроқ вақтга эга бўлади ва кўпроқ куч-қувват йиғади. Лалми ерларда no-till технологиясидан фойдаланиш, айниқса, иқтисодий нуқтаи назардан манфаатли».

Суғориладиган ерларга келсак, улар, аслида, ёғингарчиликка боғлиқ эмас, дея тушунтиради Алексей Волков. Уларни исталган вақтда суғориш мумкин, шундай экан, исталган вақтда ишлов бериш мумкин — асосийси, ўз вақтида экиш.

«Бироқ, бизнинг шароитимизда суғоришда сувни тежаш жуда муҳим. Суғоришда қанчалик кўп [сув] тежаб қолинса, бошқа ерларни суғориш учун ихтиёримизда шунчалик кўп сувга эга бўламиз. Кўпроқ ерларни суғориш ва кўпроқ ҳосил олиш мумкин бўлади».

No-till технологиясига ўтишга нима тўсқинлик қилмоқда?

Анъанавий деҳқончиликдан тупроқни муҳофаза қиладиган деҳончиликка ўтиш йўлидаги асосий тўсиқ — бу ердан фойдаланишнинг минг йиллик анъаналари бўлиб, улардан воз кечиш керак. Ўтиш муваффақиятли бўлиши учун фермерлар, олимлар ва сиёсатчилар ерга омочли тракторлар эмас, балки ўсимлик илдизлари, тупроқ организмлари, тупроқ қатламларининг музлаш ва эриш даврлари воситасида ишлов бериш мумкинлигига ишонишлари лозим — табиатнинг ўзи бунинг уддасидан чиқишига ҳамма ишониши лозим. Унга шунчаки ёрдам зарур.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

Фото: Ҳотам Мамадалиев / ЎзА.

«No-till технологиясига ишониш учун далалар четидаги ҳеч қачон шудгор қилинмаган юмшоқ тупроққа назар ташлаш кифоя. У ерда ёввойи ўсимликлар қандай шиддат билан ўсади! У ерга пахта экилса, яхши ўсиб чиқади — шудгорланган даладаги пахта билан бир таққослаб кўринг», — дейди Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти мутахассислари.

Яна бир тўсиқ — фермерларнинг қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш имконияти чекланган. Қоида тариқасида, техника биринчи навбатда стратегик экинлар — буғдой ва пахта экиш учун ажратилади. Ерга ишлов беришга кўп вақт сарфланади. Баъзида фермерлар барча амалиётлар ва барча ерлар учун етарли техникага эга бўлмагани сабаб экишга кечикади. Кеч экиш экиннинг пишиб етилиши учун зарур бўлган вақтни «ўғирлайди», бундан келиб чиқадики, фермерлар ўз меҳнатидан фойда олмайди. No-till технологияси асосида экиш шароитида бу муаммо бартараф этилади.

Қишлоқ хўжалигида режали иқтисодиёт стратегик экинларни етиштирувчи фермерлар кўпроқ маъмурий ёрдам олишини назарда тутади. Бироқ, no-till технологияси шароитида ҳам қўллаб-қувватлаш зарур — бу озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи, дейди Алексей Волков.

Бегона ўтлар

Анъанавий деҳқончиликда фермерлар бегона ўтларни қишлоқ хўжалиги техникаси ёрдамида далаларга ишлов бериш жараёнида жисмонан йўқ қилади. No-till технологиясида бунинг имкони йўқ, шунинг учун «фермерлардан ҳар бир бегона ўтни номма-ном таниши ва ҳар бир бегона ўтга мос келадиган гербицидларни билиши талаб этилади», дейди Алексей Волков.

«„Гербицид“ экологик тоза эмасдек туюлиши мумкин. Бироқ, бунда бегона ўтлар ҳатто тупроқ унумдорлигини ошириши мумкинлигини тушуниш лозим. Бу ҳам худди шундай органика. Гербицидларни тўғри қўллаш орқали бегона ўтларни тўғри бошқариш уларни йўқ қилади, ўсишига йўл қўймайди, бироқ барча биомассани бу ўсимликларни чириндига айлантирувчи тупроқ микрофаунасининг тарелкасига тортади», — таъкидлайди Алексей Волков.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

Унинг сўзларига кўра, айрим фермерлар ҳатто бегона ўтларга эътибор бермасликни афзал кўради. Тупроқ бутунлай мулча билан қопланиши натижасида бегона ўтлар бутунлай йўқолади ёки уч йилдан кейин муаммо бўлмай қолади.

«Мулча остида ёруғлик бўлмайди, ҳарорат устки қатламдагидан пастроқ ва бегона ўтлар уруғлари шунчаки униб чиқа олмайди, — дея тушунтиради Алексей Волков. — Бундан келиб чиқадики, эрта баҳор пайти экиш олдидан, бегона ўтлар униб чиқиши керак бўлган пайтда улар бўлмайди, сабаби ёш авлод бўғилиб ҳалок бўлади. Ҳарорат, ёруғлик ва намлик экинни экишга имкон бериши биланоқ, экасиз. Ва у бегона ўтлар устидан ғалаб қилади, шунчаки кўпроқ бўлгани учун — бу рақобат».

Касалликлар

Турли хил ўсимлик касалликлари ҳар қандай ишлов бериш усули шароитида ҳосил учун катта хавф туғдиради. Анъанавий деҳқончиликда алмашлаб экиш мавжуд бўлмаган шароитда тупроқда зарарли микроорганизмлар ва бир турдаги экинга мослашган патогенлар йиғилиб қолади. Уларга қарши кимёвий моддалар воситасида курашилмаган тақдирда бўлажак ҳосилга таҳдид солади.

No-till технологияси шароитида, касалликлар ўсимлик қолдиқларида қолиб кетиши ва тўлиқ парчаланмаган қолдиқлардан янги униб чиқаётган ўсимликларга тарқалиши мумкин.

Бироқ ҳар қандай вазиятда no-till технологиясининг зарур шарти бўлган алмашлаб экишни жорий қилиш орқали бунинг олдини олиш мумкин. Алмашлаб экиш касалликларга қарши курашишга ёрдам беради, чунки турли ўсимликларнинг турли илдиз тизимлари микроорганизмлар ва тупроқда яшовчиларнинг турли жамоаларини ҳосил қилади. Улар зарарли патогенларнинг тупроқда ҳавф туғдирадиган ҳажмларда йиғилиб қолишига йўл қўймайди.

Ўзбекистонда no-till технологияси асосида экишнинг жорий этилиши

ГЭФ КГД Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Тошкент, Наманган ва Фарғона вилоятларида тупроқни муҳофаза қиладиган деҳқончиликни жорий этиш бўйича қатор лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этди.

Ана шундай лойиҳалардан бири Ғалла ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтига қарашли Ғаллаорол илмий тажриба станциясининг лалми ерларида амалга оширилган. Бу ерлар ниҳоятда қурғоқчил бўлиб, фақат суғорилмайдиган экинлар етиштиришгагина яроқли.

Лойиҳани амалга ошириш учун 2019 йилда ГЭФ КГД институт учун Бразилияда ишлаб чиқарилган, ҳар бирининг қиймати 25 минг долларни ташкил этувчи no-till технологияси асосида экин экишга мўлжалланган иккита қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олди. Лойиҳанинг иқтисодий таҳлили шуни кўрсатдики, агар техника сотиб олиш харажатлари ҳажмини 1 гектар ишлов берилган майдонга тўғри келадиган улуши ҳисобида олинса, ҳар йили ҳар гектарга атиги 86 минг сўмни ташкил этади.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

Ғалла ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтига қарашли Ғаллаорол илмий тажриба станциясининг лалми ерларига no-till технологияси асосида экилган соя.

Анъанавий ишлов бериш билан солиштирганда no-till технологияси асосида экиш меҳнат, ёқилғи-мойлаш материаллари ва техник жиҳозлар сарфини 30−40 фоизга қисқартириш, буғдой ҳосилини 25 фоизга, соф фойдани эса 50 фоизга ошириш имконини берди.

Алексей Волковнинг огоҳлантиришича, no-till технологияси асосида экишдан фойдаланишнинг дастлабки йилларида экин ҳосилдорлиги бирмунча паст бўлиши мумкин, чунки тупроқ тикланиши учун вақт талаб этилади.

«Тупроқ соғломлашиши, яшашни бошлаши, микроорганизмлар пайдо бўлиши керак, у „юмшаши“ керак, — дея тушунтиради у. — Анъанавий ишлов беришда тупроқ борона ва чизел (махсус трактор агрегатлари — таҳр.) ёрдамида юмшатилади. No-till технологияси шароитида тупроқ мулчалаш ва микроорганизмларнинг ишлаши, қуртлар, чириш ва тупроқдаги биологик алоқаларни тиклаш туфайли шундай ҳолга келади. Тупроқ қанчалик тирик бўлса, у шимгичга ўхшайди. Ўртача ҳисобда бунинг учун беш йил вақт талаб этилади».

Ҳосилдорликнинг бироз пасайиши билан бир қаторда рентабеллик ошади, деб давом этади Алексей Волков. No-till технологияси шароитида фермерлар далаларга ишлов беришда бир нечта амалиётлар учун техникани ижарага олишларига ҳожат қолмайди, меҳнатга ҳақ тўлаш шарт бўлмайди, ёқилғи харажатлари қисқаради.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ўзида асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, no-till технологияси техникасини сотиб олиш харажатларини қисқартириш мумкин. Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти 90 йилдан буён мамлакатимизда ана шундай техникани ишлаб чиқиш билан шуғулланиб келмоқда. Институт ходимлари қишлоқ хўжалигининг турли жараёнларини механизациялаш учун янги технология ва асбоб-ускуналар ихтиро қилмоқда, шунингдек, хориждан келтирилган ускуналарни маҳаллий шароитга мослаштирмоқда.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин илмий-тадқиқот институти бир нечта цехлар ва заводларидан маҳрум бўлди, ихтиёрида фақат минимал асбоблар тўпламидан фойдаланган ҳолда турли агрегатларни ишлаб чиқарадиган устахоналаргина қолди. Институт фаолияти Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади, бироқ молиялаштириш фақатгина тадқиқот институти ходимларининг ярмини ташкил қилувчи илмий ходимларнинг иш ҳақинигина қоплайди.

Институтнинг асосий харажатлари бешта ҳудудий мелиорация марказлари — фермерларга қишлоқ хўжалиги техникаларини ижарага берувчи ташкилотларнинг даромадлари ҳисобидан қопланади. Илмий-тадқиқот институтида илмий фаолият ва тадқиқотлар учун маблағ йўқ. Шу сабабли, ташкилот ГЭФ КГДга технология ихтироси, шу жумладан, no-till технологияси асосида ишлов беришга имкон берувчи техникалар сотиб олиш илтимоси билан мурожаат қилди.

Механизациялаш илмий-тадқиқот институтида тупроқни муҳофаза қиладиган деҳқончиликка мўлжалланган қишлоқ хўжалиги техникасини ихтиро қилиш учун ГЭФ КГД томонидан сотиб олинган ускунани етказиб бериш жараёни. Фото: ГЭФ КГД Telegram-каналиМеханизациялаш илмий-тадқиқот институтида тупроқни муҳофаза қиладиган деҳқончиликка мўлжалланган қишлоқ хўжалиги техникасини ихтиро қилиш учун ГЭФ КГД томонидан сотиб олинган ускунани етказиб бериш жараёни. Фото: ГЭФ КГД Telegram-канали

Унинг сўзларига кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги янги ишланмалар ва тадқиқотларни молиялаштирмайди. Уларни фақат Инновация вазирлиги ва халқаро ташкилотлар, жумладан, ГЭФ КГД томонидан ажратиладиган грант маблағлари ҳисобидан амалга ошириш мумкин.

«Мамлакат раҳбарияти сувни тежаш ҳақида бош қотира бошлади, шунинг учун тупроқни муҳофаза қиладиган деҳқончиликка ўтиш, тупроқ нимани хоҳлаши, етиштирилаётган экинлар нимани хоҳлашини тўғрисида ўйлаш жуда муҳим», — дея тушунтиради Волков.

барқарор деҳқончилик, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги, чанг бўронлари, қишлоқ хўжалиги, гэф кгд

Механизациялаш илмий-тадқиқот институтидаги no-till технологияси асосида экишга мўлжалланган техника.

No-till технологиясига ўтишда пухта режалаштириш зарур. Кутилмаган шокларнинг олдини олиш учун ГЭФ КГД ўзгаришларга босқичма-босқич яқинлашишни тавсия қилади (йўриқнома). Бундан ташқари, ерга ишлов бериш усулларини тубдан ўзгартириш ўрганишларни талаб қилади: экин қолдиқларини қандай бошқариш, алмашлаб экиш ва бегона ўтларга қарши тўғри курашишни ўрганиш керак, дейди Алексей Волков.

«Барча қийинчиликларга қарамай, ўтишни амалга ошириш зарур, уни бошлаш лозим, сабаби, пировардида, йўналишни ўзгартириш мамлакат учун кубометрлаб сувни тежаш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва катта даромад олиш имконини беради. Буни ҳисоблаб чиқиш осон эмас, лекин бу реал воқеликда мутлақо имконли», — дейди Алексей Волков.