14 декабрь куни кечқурун ижтимоий тармоқларда кичик ёшдаги боланинг боғчага юзи ва кўзлари жароҳатланган ҳолда келгани ва уни отаси калтаклаганини айтиб бергани тасвирланган видео тарқалди.

Болалар омбудсмани ўша куни ҳолат назоратга олинганини билдирди. Дастлабки маълумотга кўра, мазкур зўравонлик факти Самарқанд вилояти Ургут туманида юз берганини маълум қилди.

Орадан икки кун ўтиб аниқланишича, туманнинг «Юқори қалангар» маҳалласидаги 2017 йилда туғилган А.А. юз-кўзидаги жароҳати туфайли 30 октябрь куни туман марказий шифохонасига отаси А.Х. томонидан олиб келинган.

Ургут туман ИИБ олиб борган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида боланинг олган жароҳати юзасидан 3 ноябрь куни судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Унга кўра, болага жароҳат ўтмас қаттиқ жисмлар таъсирида етказилгани хулоса қилинган.

Терговга қадар текширув натижасида жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли 25 ноябрь куни Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишдан рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ҳолат Болалар омбудсмани ва Бош прокуратура назоратига олинганидан сўнг жиноят иши қўзғатишдан рад этиш тўғрисида қарор туман прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганилиб, 12 декабрь куни бекор қилинган ва қўшимча текширув ҳаракатлари олиб бориш учун туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимига юборилган.

Қўшимча терговга қадар текширув давомида бола психолог томонидан педагог иштирокида (видеоёзувда қайд қилинган ҳолда) суҳбат қилинганда у 29 октябрь куни отасининг уйи яқинидаги савдо дўкони олдида амакисига тегишли бўлган қора молларнинг орқасидан югуриб, асфальт қопламасига йиқилгани, бурни қонаб, юзи шилинганини баён қилган.

Шунингдек, уни йиқилганини гувоҳи бўлган дўкон сотувчиси Л.С. ўз тушунтиришида боланинг ҳақиқатдан ҳам чорва молларни орқасидан югуриши оқибатида юзи билан ерга йиқилиб тушганини кўргани ва жароҳат йиқилиш сабабли бўлганини тасдиқлаган.

Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан мазкур ҳолат юзасидан назоратни давом эттиришини қайд этди. Видеоёзув билан омбудсман танишган, лекин бола манфаати юзасидан у оммавий эълон қилинмаган.

«Шу билан бирга, Болалар омбудсмани низо жараёнидаги айрим ота-оналар уларнинг ўзаро зиддиятли муносабатларидан биринчи навбатда ўз фарзандлари жабр кўраётганига эътибор қаратишлари ва бунга йўл қўймасликларини сўрайди», — дейилади хабарда.