Андижон вилояти Шаҳрихон туманида юклар устини ёпиш учун байроқдан фойдаланган ҳайдовчи жаримага тортилди, дея хабар бермоқда «Дарё».

Ноябрь ойи охирида ижтимоий тармоқларда Labo автомашина ҳайдовчиси юкхонага ортилган юклар устини тўсиш учун байроқдан (ёпқич сифатида) фойдалангани тасвирланган фото тарқалган.

Вилоят ЙҲХБ томонидан ушбу автомашина Шаҳрихон туманида истиқомат қилувчи фуқарога тегишли экани аниқланган. Орадан вақт ўтиб, 14 декабрь куни Андижон вилояти ИИББ ахборот хизмати унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман суди томонидан қонуний чора кўрилганини билдирди.

Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203−1-моддаси (Давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари (1 миллион 20 минг сўм) миқдорида жарима қўлланди.

Қандай ҳолатлар давлат байроғига нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади?

Июль ойида президент томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун билан қуйидаги ҳолатлар байроққа нисбатан ҳурматсизлик қилиш ҳисобланади:

  • байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги оқарган ҳолда ва бошқа номақбул тарзда фойдаланиш;
  • бирор-бир нарса учун устки ёпинғич сифатида фойдаланиш;
  • столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшаш ёки тасвирлаш, ундан қоплама сифатида фойдаланиш, ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшаш ёки тасвирлаш;
  • кийим-кечак, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш;
  • байроқ тасвири туширилган белгиларни пойабзал, дастрўмол, кўрпа-тўшак, ички кийим-кечакка, сочиқларга, қутиларга (ўровларга), бир марта фойдаланиш ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқариш ёки унинг тасвирини бошқача тарзда тушириш;
  • байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда фойдаланиш.

Ҳужжат билан давлат байроғидан ва унинг тасвири туширилган белгилардан белгиланган талабларга мувофиқ фойдаланиш учун масъулият байроқдан фойдаланадиган жисмоний ва юридик шахслар, давлат органлари зиммасига юклатилган.