IQAir ҳаво сифати мониторинги платформасида Тошкент шаҳри ҳавоси 14 декабрь куни эрталаб «хавфли» (соат 9:17 ҳолатида) дея қайд этилди, бунда ифлосланиш даражаси меъёрдан 55 бараварга ошганини кўриш мумкин.

Инфографика: IQAirИнфографика: IQAir

Ҳаво сифати индекси 300 дан ошса, «хавфли» деб аталади. Тавсифга кўра, ушбу даража барча учун жиддий зарар келтириши мумкин бўлган сифат кўрсаткичи ҳисобланади.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг билдиришича, пойтахтда атмосфера қуйи қисми заҳарли тутун билан муаллақ ўралиб турибди. «Бу, тахминимча, кўпроқ кўмир ёқиш ва бошқалар таъсирида ҳосил бўлди», — деди у.

Бундай об-ҳаво шароитида очиқ ҳавода ва уйда ҳам ниқоб тақиш, ҳаво тозалагичлардан фойдаланиш, деразаларни очмаслик, ташқарида олиб бориладиган фаолият турлари билан шуғулланмаслик тавсия этилади.

Соат 10:00 га келиб, сифат кўрсаткичи «жуда носоғлом» даражага тушди.