14 декабрь куни соат 11:10 атрофида ноқулай об-ҳаво Наманган аэропорти фаолиятини чеклаб қўйди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports компанияси матбуот хизмати.

Кўриш масофасининг ёмонлашиши (250 метр) Россиянинг Red Wings авиакомпанияси рейсини Фарғонадаги муқобил аэродромга йўналтиришга сабаб бўлган. Махачқалъа — Наманган йўналиши бўйича парвоз қилаётган RA1123 рейси кутиш ҳудудида бўлганидан сўнг Фарғона халқаро аэропортига йўналтирилган.

Бортида 76 нафар йўловчи бўлган самолёт Тошкент вақти билан соат 10:21 да Фарғона аэропортига қўнган. Яқин соатларда йўловчилар Наманган аэропортига ерусти транспорти орқали етказилади, дейилади хабарда.

Red Wings авиакомпаниясининг Наманган — Махачқалъа йўналиши бўйича RA1124 рейси Фарғона аэропортидан амалга оширилади. Шунингдек, йўловчилар Наманган шаҳридан белгиланган аэропортга ерусти транспортида етказилади.