Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўзбекистонлик уч нафар бола монумент ёнидаги «Мангу олов»ни қор билан ўчириб қўйди. Энди улар ота оналари билан бирга мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин, дея хабар бермоқда «Медуза».

Воқеа 10 декабрь куни кечқурун Красное Село ҳудудида содир бўлган. «Фонтанка» нашри томонидан эълон қилинган видеода ўсмирлардан бири қучоғидаги қорни «Мангу аланга» устига улоқтиргани, сўнгра биргаликда қочиб кетгани акс этган.

Милиция болаларнинг 10 ва 14 ёшли икки ака-ука ҳамда 12 ёшли бошқа бир бола эканини аниқлади. Болалар ва уларнинг ота-оналари Ўзбекистон фуқаролари бўлган, дейилади хабарда.

11 декабрь куни Россия Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург бўйича бош бошқармаси болаларнинг оилалари миграция қонунчилигини бузган ҳолда Россия ҳудудида яшаб келаётганини билдирди. Шу туфайли бошқарма уларни мамлакатдан чиқариб юбориш талаби билан судга мурожаат қилади.

Нашрнинг ёзишича, милиция Россиянинг турли шаҳарларида доимий равишда «Мангу олов» билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатларни содир этган одамларни ҳибсга олади. Одатда, уларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича, айрим ҳолатларда жиноий протоколлар тузилади. Ҳужжатлар дафн этилган жойларни таҳқирлаш ёки нацизмни реабилитация қилиш тўғрисидаги моддалар бўйича очилади.