Шавкат Мирзиёев аҳоли турмуш тарзи, қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 12 декабрь куни Тошкентдаги маҳаллаларга ташриф буюрди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

У дастлаб «Тошкент иссиқлик маркази» корхонасининг Учтепа туманидаги иссиқлик марказига борди.

«Бир йил олдин бу ерда аҳвол жуда аянчли эди. Бу марказ 1969 йилда қурилган, шундан буён капитал таъмирланмаган. Қозонхона ҳам, тармоқлар ҳам эскирган эди. Ўтган қишда ҳаво кескин совиган пайтларда иссиқлик ишлаб чиқариш муаммо бўлганди. Шу боис президент тармоқларни таъмирлаш ва барқарорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берганди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Бу галги ташриф чоғида мутасаддилар шу ҳақда ахборот берди. Берилган топшириқлар тўла амалга оширилгани қайд этилди. Мажмуа қозонхонаси жами 700 Гкал қувватга эга, мингдан ортиқ кўп қаватли уй ва 400 дан зиёд ижтимоий муассасаларга иссиқлик етказиб беради.

Жорий йилда мазут хўжалиги ва сиғимлари қурилиб, қозонларнинг иккитаси аралаш шаклда — газ ва мазутда ишлашга мослаштирилган. Булар натижасида қозонхона ва тармоқ совуқ ҳароратда ҳам барқарор ишлайди. Бундай пайтларда захираланган мазутдан ишлатилади. Қувурлар изоляцияси мустаҳкамлангани учун иссиқлик йўқотилиши ҳам камайди.

У ерда Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва Учтепа тумани мутасаддилари билан мулоқот қилди. Маҳаллалардаги янги «еттилик» тизими фаолиятини самарали йўлга қўйиш, ижтимоий масалаларни аҳоли талаби асосида жойларнинг ўзида ҳал этиб, одамларни рози қилиш зарурлигини таъкидлади.

«Қишга тайёргарлик бўйича кўрилган чораларни ҳам одамлар сезиши керак. Иссиқлик марказлари ва тармоқлардаги мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиб бориш, бино ва хонадонларда иссиқликни асраш долзарб вазифа экани қайд этилди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Давлат раҳбари «Ширин» маҳалласида ҳам бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди.