Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 12 декабрь кунги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Божхона ва Солиқ кодексларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторовнинг маълум қилишича, чегарада ўтадиган вақтнинг 60 фоизи белгиланган йиғимларни ундириш билан ўтади.

Шу сабаб таклиф этилаётган қонун лойиҳаси чегара ўтказиш пунктларида автотранспортлар ҳаракатини янада тартибли ташкил этиш ҳамда назорат тартиботларини соддалаштириш, республикага кириб келаётган ва транзит ўтаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказишда чегарада ундирилиши белгиланган йиғимларни божхона ҳудудида тўлаш имкониятини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мажлисда, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига божхона тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Илҳом Мухторовнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси билан Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенция (Киото, 1973 йил 18 май, 1999 йил 26 июндаги ўзгартиришлар билан) стандартлари имплементация қилиниб, божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилади ва шаффофлиги таъминланади.

Қонун лойиҳасида товарларнинг божхона қийматини белгилашнинг асосий усули сифатида шартнома баҳоси қатъий белгиланмоқда. Бир вақтнинг ўзида бир нечта божхона тартиботларни амалга ошириш учун божхона тўловлари тўланишини белгиловчи Бош таъминлов ҳужжатини қўллаш амалиёти киритилмоқда.

Шунингдек, контрафакт маҳсулотлар кириб келишининг олдини олиш мақсадида божхона органларига қўшимча ҳуқуқлар берилмоқда. Товарлар бўйича экспертиза якунланмаган бўлса ҳам, ушбу товарларни импортга шартли чиқариб юбориш амалиёти жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан тадбиркорга товарларни Ўзбекистонга олиб келгунга қадар улар бўйича божхона тўловлари ва ишлаб чиқарилган мамлакатини аниқлаш юзасидан олдиндан маълумот олишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда.

«Ҳужжатни қабул қилиш малакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади», — деди Илҳом Мухторов.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.