Ижтимоий тармоқларда педагог боғча ёшидаги болани уриб, машғулот ўтаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан болалар омбудсмани матбуот хизмати маълумот берди.

Маълум бўлишича, воқеа Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган «Лого билим» таълим марказида содир бўлган. Педагог 2019 йилда туғилган тарбияланувчи М.Б.ни урган ҳолда машғулот олиб борган.

Ҳолат юзасидан боланинг онаси болалар омбудсманига мурожаат қилган ва омбудсман томонидан назоратга олинган. Туман ИИБ терговга қадар текширув ишлари бошлаган.

«Ўзига хос хусусиятларга эга бўлган болага нисбатан бундай педагогика зид ҳаракатларга йўл қўйган мутахассис ҳозирда ишдан бўшатилган бўлиб, унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш жараёни бормоқда», — дейилади хабарда.