Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Олий суд ва Сурхондарё вилоят судининг пора олишда гумонланган ходимларини қўлга олди, дея хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.

Ўтказилган тезкор тадбирда Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати катта консультанти фуқародан 10 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

У муқаддам судланган 2 нафар шахсга нисбатан Олий суднинг жиноий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кассация тартибида кўрилаётган жиноят ишини Фарғона вилоят судига ўтказган ҳолда, уларнинг оқланишига ёрдам беришни ваъда қилган.

Бошқа ҳолатда эса Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг судья катта ёрдамчиси маҳаллий тадбиркорнинг аппеляция босқичида кўрилаётган даъво аризаларини судьялар орқали ижобий ҳал қилиб беришини айтган. Эвазига 6 минг доллар олган вақтида ушланган.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида судья катта ёрдамчиси муқаддам тадбиркорнинг Термиз туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризасини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 2 минг доллар талаб қилиб, 600 доллари олгани ҳам маълум бўлган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, дейилади хабарда.