Тошкент шаҳри Чилонзор туманида қалбаки 20 минг долларни сотишда гумонланган шахслар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам судланган Ж.А. ва бошқалар жами 400 дона 50 долларлик қалбаки 20 минг долларни фуқаро К.Н.га 10 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Маълумот учун, судда ушбу жиноят ўз исботини топса, гумонланувчилар икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.