Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов тиббиёт соҳаси вакиллари иштирокида видеоселектор ўтказди. Унда вилоят ҳокими дори ишлаб чиқарувчи турли фирмалар билан келишиб, беморларга керак бўлмаган дориларни ёзиб берувчи шифокорларни танқид қилди.

«Ноинсофлар, ўтирасанда рецепти ёзаверасан, чўнтагидан „ураверасан“. Битта Самарқанд 482 миллион доллар бошқа давлатларга пул кўчириб дори сотиб олади. Бошқа давлатни одамларини иш билан таъминлаймиз, бошқа давлатни бюджетини тўлдирамиз. Бошқа давлатларни бой қиламиз. Ўзимиз [эса] майиб бўламиз у дориларни еявериб. „Пачкалаб“, тонналаб дори еймиз» — деди ҳоким.

Матбуот хизмати қайд этишича, кўплаб шифокорлар беморларни алдаб, мавжуд бўлмаган касалликларга ташхис қўйиб, уларга фармацевтика компаниялари манфаатига ёки улар билан фоиз асосида ишлаб норасмий шартномалар бўйича манфаатларни кўзлаб тижорий жиҳатдан даволанишни буюришмоқда.

«Инсонларни соғлиғи бизнесга айланиб кетди. Кўп шифокорлар ўзининг таниш дорихонаси орқали дори ёзиб беради, стандартларга амал қилмайди. Ҳар ҳафта ҳисобот қилиб бориш керак: қайси ноинсоф дорихоначи, қайси ноинсоф шифокор стандартдан чиқди. Хусусий [шифохона]лар диққатига, ким керак бўлмайдиган дориларни ёзиб берадиган бўлса, у корхонага нисбатан ёпиш чораларини кўрамиз, судга берамиз. Кейин бош шифокори ва таъсисчисини халққа таништирамиз. Буни ҳамма даражадаги хусусий клиникалар ўзларига ёзиб олиши керак, қулоғига қуйиб олиш керак халқни соғлиғи орқасидан бойлик орттиришни ким ният қилаётган бўлса, у ўзига душманлик қилаётган одам бўлади. Шу нуқтайи назардан бизни самарқандликлар ҳам билиши керак: қанча кўп дори ичсангиз сизга фойдаси йўқ у дорини. Бобомиз Ибн Сино бежиз айтмаган, инсон мунтазам тарзда бадантарбия билан шуғулланса унга дори-дармон керак бўлмайди» — деди Эркинжон Турдимов.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маълум қилишича, Самарқанд шаҳар 1-сон болалар шифохонасида беморни лаборатор текширувлардан ўтказиш учун хусусий шифохонага бланк-келишув асосида юборгани аниқланган. Ваҳоланки, шифохонанинг ўзида лаборатор текширувлари учун барча ускуналар мавжуд бўлган. Шунингдек, беморга даволаш стандартида белгиланган дорилардан ташқари қўшимча, беморга кераги бўлмаган турли фирмаларнинг қиммат дорилари ёзиб берилган.

Вилоят ҳокими айрим тиббиёт муассасаларида маҳаллий бюджетдан айрим дори-дармонлар ажратилган бўлсада, беморлар дориларни кўчадаги дорихоналардан сотиб олишга юбораётганини танқид қилди.

«[Шифохоналарнинг] ҳар бир кириш жойига қандай дорилар борлигини ёзиб қўйиш керак, деб аввал ҳам айтгандим. Агар [рўйхатни] ўзгартириш ёқмаса, тахтага бўр билан ёзиб қўйинг. Қайси дорилар мавжуд, қайси дорилар бепул, қайси дорилар пуллик эканини ёзиш керак. Ўша жойдаги [беморлар] билиши керак. Туманларда айрим [бемор]лар шприцни ҳам ўзим олиб келганман, дерди», — деди вилоят ҳокими.

Турдимов вилоят соғлиқни сақлаш масъулларига тизимни рақамлаштириш, унда шифокорлар томонидан ёзилган ҳар бир рақамланган рецепт ва даволаш рецептидаги қоидабузарликларни қайд этиш вазифасини юклади. У тиббиёт ходимлари билан тузиладиган меҳнат шартномасига стандартдан чиқиб рецепт ёзган ходимлар ишдан бўшатилиши ҳақида банд қўшиш кераклигини айтди.

«Ким стандартдан чиқиб рецепт ёзса, ишдан кетиши керак. Шунинг учун топшириқ қуйидагича: ҳамма тиббиёт ходимлари билан тузилган меҳнат шартномасига қўшимча киритилади, қонуний, адлия билан биргаликда. Ҳамма ходимлар билан шартномани қайтадан тузилади. Бугундан бошлаб стандартдан бошқа дори ёзиб беришга ҳеч кимни ҳаққи йўқ» — деди Эркинжон Турдимов.