Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги 47-мактаб ҳовлисидан аёл кишининг жасади топилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мурда 1 декабрь куни соат 7:30 атрофида топилган. Аёл Сирдарё вилояти Сардоба туманида яшовчи М.М. бўлган.

44 ёшли аёл вақтинчалик ишсиз бўлиб, Тошкент кўчаларида яшаб келган, дейилади хабарда.

Мурдага ўша куннинг ўзида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Дастлабки маълумотномасига кўра, М.М. нинг ўлими «сурункали юрак ишемик касаллиги, кардиосклероз, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, алкоголдан ўткир заҳарланиш, бош, юқори ва пастки лаб юмшоқ тўқималари лат ейиши, пастки лаб эзилиб йиртилган яраси, юз, тана, қўл ва оёқ соҳалари қонталашмалари ва тери шилинмалари, ички аъзолари тўлақонлиги» оқибатида вужудга келган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.