2023 йилнинг 30 ноябрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича II глобал форуми бўлиб ўтди.

Унда Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг ва ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси президенти Пиа Каума видеомурожаат билан иштирок этди, Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталари аъзолари, МДҲ Парламент Ассамблеяси раиси Валентина Матвиенко, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси бош котиби Мехмет Сурейя Эр, хорижий мамлакатлар парламентлари раҳбарлари, парламентлараро ташкилотлар, Ёшлар парламентлари, давлат органлари, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари экспертлари тўғридан-тўғри ҳамда онлайн тарзда иштирок этди.

Форум аввалида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Форумни Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбари кириш сўзи билан очиб, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масалада мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш масаласига эътибор қаратди.

«Фуқаролик жамият институтларининг ривожланиш даражаси ҳали бизни қониқтирмайди. Миллий мақсадларга эришишда, жамиятдаги масъулият ва сафарбарлик ҳиссини янада кучайтиришимиз лозим. Хусусан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакиллари Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида курашга сафарбар бўлишлари керак. Ўзбекистонда барқарор ривожланиш доирасида ўтказилаётган тадбирлар ҳам энг аввало ушбу мақсадларга йўналтирилган», — деди нутқида Танзила Нарбаева.

Ўзбекистон президенти ташаббуси билан 2022-йил 14-декабрда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюция ҳамда миллий мақсадлар доирасида олиб борилаётган ислоҳотларга эътибор қаратилди.

Анжуман иши «2030-йилги Глобал кун тартибини самарали амалга оширишга кўмаклашишда парламент ва парламентлараро ҳамкорликнинг роли», «БРМга эришиш жараёнини тезлаштиришда гендер масалаларига йўналтирилган ва ёшлар сиёсати» ҳамда «2030-йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини амалга оширишда парламент ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик» мавзуларидаги учта сессия доирасида ташкил этилди.

Биринчи сессияда иштирокчилар 2030-йилги кун тартибини амалга оширишда миллий парламентнинг ролини, жумладан, Ўзбекистон ташаббуслари ва ривожлантириш истиқболларини, иккинчи сессияда эса парламент жараёнларида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришда миллий парламентнинг ролини муҳокама қилдилар.

Учинчи сессияда эса Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришишда парламент ва фуқаролик жамияти ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг Ихтиёрий миллий ҳисоботлар ва муқобил маърузаларни тайёрлашдаги иштироки каби масалалар иштирокчилар эътиборида бўлди.

Бундан ташқари, тадбир давомида Ўзбекистон фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббуси билан илгари сурилаётган «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш тўғрисида»ги БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси лойиҳасини БМТда илгари суриш таклифи барча иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг ўз видеомурожаатида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича II глобал форум юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди, кўрилаётган масалалар, улардан келиб чиққан таклиф ва хулосалар парламент ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига ижобий таъсир қилишини айтиб ўтди.

Форум якуни бўйича парламентлараро ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари қамраб олинган Тошкент коммюникеси қабул қилинди.

Коммюникеда анжуман иштирокчилари қуйидагиларни амалга оширишга чақирилган:

  • 2030-йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасида қўшма ташаббусларни илгари суриш борасида кучларни бирлаштириш;
  • 2030-йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартиби амалга оширилишини кузатишда жамоатчиликнинг иштирок этиши учун парламент жараёнлари ва имкониятлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш;
  • БМТ Бош Ассамблеясининг «Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда фуқаролик жамияти иштирокини кенгайтириш тўғрисида»ги резолюциясини қабул қилиш ғоясини қўллаб-қувватлаш;
  • ёши, жинси, ногиронлиги, ирқи, этник мансублиги, келиб чиқиши, дини, иқтисодий ёки бошқа мавқеидан қатъи назар барча шахсларнинг ёки манфаатларини ифодаловчи шахсларнинг сиёсий жараёнда иштирок этишини таъминлаш учун барча зарур саъй-ҳаракатларни амалга ошириш;
  • ривожланаётган мамлакатларнинг миллий ривожланиш стратегиясига мувофиқ уларни ташқаридан самарали ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўзаро ҳисобдорликни ва уни оқилона қўллаш устидан парламент назоратини таъминлаш учун парламентлараро ҳамкорлик йўлларидан фойдаланиш;
  • Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш учун ўз мандатлари доирасида қўшимча молиялаштиришни жалб қилиш ва тақдим этиш бўйича чоралар кўриш;
  • 2030-йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини самарали амалга ошириш учун давлат томонидан, айниқса, даромади паст бўлган мамлакатларда камбағалликни қисқартириш, соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, таълим сифатини ошириш, атроф муҳитни ҳимоя қилиш учун ажратиладиган молиялаштиришни яхшилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар қабул қилиш;
  • фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусидаги фаолият жараёнларига ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни кузатиш, айниқса ихтиёрий миллий ҳисоботларни тайёрлаш жараёнларига жалб қилинишига кўмаклашиш ва кўриб чиқиш жараёнларига, айниқса, ихтиёрий миллий кўриб чиқиш жараёнларига жалб этишни уларга кўмаклашиш ҳамда ушбу жараёнлар доирасида миллий масъулият ва ҳисобдорликни таъминлаш ва кучайтиришга ҳисса қўшиш.

«Барча парламент аъзоларини, фуқаролик жамияти, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хайрия жамғармалари, хусусий сектор, илмий муассасалар ва барча даражадаги манфаатдор томонларни 2030-йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини амалга ошириш, уларга эришиш бўйича миллий ва муқобил маърузаларни тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этишга чақирамиз», — дейилади коммюникеда.