Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш бўйича видеоселектор йиғилишида сув хўжалигида «каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил» эълон қилинди.

«Мамлакатдаги сув ресурсларининг 20 фоизи Ўзбекистоннинг ўзида, катта қисми эса қўшни давлатларда шаклланади. Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камаймоқда. Трансчегаравий дарёларни бошқариш бўйича вазият ҳам жиддий. Буларнинг таъсирида 2030 йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилиняпти», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, юқоридагиларга қарамасдан сувдан самарасиз фойдаланиш давом этмоқда. Мамлакатдаги жами сув ресурсининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида сарфланаяпти. Ўзбекистонда бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10−11 минг кубметр сув сарфланаётган бўлса, иқлими ва ери ўхшаш мамлакатларда бундан 2−3 баравар кам сув ишлатилаяпти. Бунга эса сувни тўғри бошқариш ва исроф қилмаслик ҳисобига эришиляпти.

Сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 млрд доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради. Аммо тизимда ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмагани, сув ресурсларини бошқаришда эскича ёндашувлар сақланиб қолгани учун самара паст.

Йиғилишда президент бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади. Бунда биринчи муҳим вазифа канал ва ариқларни бетонлаш бўлади.

Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 млрд куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўлаяпти. Энг кўп сув йўқотишлари Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Навоий, Хоразм ва Бухоро вилоятларига тўғри келади. Каналларнинг охирида жойлашган 175 минг гектар экин майдонида сув таъминоти жуда оғир экани айтилган.

«Умуман, сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётимизда йилига 5 миллиард доллар даромад бой берилаяпти. Шу боис сув хўжалигида „каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил“ эълон қилинди. Келгуси йилда 1 минг 500 километр, яъни бу йилгига нисбатан 4 баробар кўп йирик каналларни бетонлаш вазифаси белгиланди. 2025 йилдан бошлаб камида 2 минг километрдан каналларни бетонлашга ўтилади», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Бунинг учун ноябрь-март ойлари энг қулай вақт экани, лойиҳаси тайёр каналларда қурилишни ҳозирдан бошлаш кераклиги қайд этилган. Вилоят ва туман ҳокимларига бир йил ичида 3 минг 500 километр ички тармоқларни бетон қопламага ўтказиш топшириғи берилган. Бундан манфаатдор кластер ва фермерларга махсус техника ва қурилиш материалларидан ёрдам бериб, харажатларни 2 карра камайтириш мумкинлиги таъкидланган.