Тошкент метрополитенининг «Халқлар дўстлиги» бекатида илк маротаба кафтни сканерлаш орқали тўловни амалга ошириш тизими ишга туширилди, дея хабар бермоқда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

«Газета.uz» аввалроқ мазкур тизим тез орада ишга туширилиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Қайд этилишича, ўтиш жойида Palm ID — томирлар тасвирига асосланган идентификациялаш биометрик лойиҳаси ишга туширилди. Бунда кафтингизни сканер устига тутасиз ва тизим сизни идентификация қилади. Сиздан автоматик тарзда тўлов ечиб олинади.

Бунинг учун ATTO дастурига шахсий маълумотларни киритиш зарур. Унда виртуал карта очиб, пул маблағи билан тўлдирилади. Шундан сўнг тўлов учун кафтнинг ўзи кифоя қилади.

Мазкур янгилик Транспорт вазирлиги ва UZINFOCOM компанияси билан ҳамкорликда яратилган.

ATTO тўлов тизими бош мутахассис Отабек Алимов бундай янгилик Facepay тизими барча метро бекатларини 100 фоиз қамраб олиб, одамлар ўрганиб олганидан сўнггина бошланишини айтганди. Бироқ Facepay ҳозиргача фақат «Буюк ипак йўли» бекатида мавжудлигича қолмоқда.