Қозоғистоннинг магистраль нефть қувури бўйича миллий оператори — «Казтрансойл» 2024 йилда Россия нефтининг Ўзбекистонга транзитини уч баравар — 154 минг тоннадан 500 минг тоннагача оширмоқчи. Бу ҳақда компания матбуот хизматига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.

Sanoat Energetika Guruhi компанияси (Ўзбекистон) «Казтрансойл» АЖга 2024 йил учун 500 минг тонна Россия нефтини Ўзбекистонга транзит қилиш бўйича ариза берди, бу кўрсаткични 1 миллион тоннагача ошириш имконияти мавжуд", — деган компаниянинг транспортировка бўйича департаменти директори Абай Бейсембаев. Шу муносабат билан 2024 йилда Россия нефтини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзит қилиш ҳажми 500 минг тоннагача ошиши кутилмоқда.

2023 йилда «Казтрансойл» АЖ магистраль нефть қувурлари тизими орқали Россия нефтининг Ўзбекистонга кутилаётган транзит ҳажми 154 минг тоннани ташкил этади. Январь-октябрь ойларида эса 104 минг тонна нефть етказиб берилган.

Компания матбуот хизматининг қайд этишича, Россия нефтини Ўзбекистонга транзит қилиш 2017 йилда бошланган бўлиб, 2017 йилда транзит ҳажми 67,9 минг тоннани, 2018 йилда 36 минг тоннани ташкил этган. 2019−2022 йилларда эса транзит амалга оширилмаган.