Президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида сув тежовчи технологияларни жорий этишни кредитлаш бўйича очиқ электрон платформа ишга туширилиши маълум қилинди.

Қайд этилишича, мамлакатдаги 4,3 млн гектар суғориладиган ердан 30 фоизига сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Бундай кластер ва фермер хўжаликларида сув 30−40 фоизга, ўғит ва ёқилғи 25−30 фоизга тежалиши билан бирга ҳосилдорлик ошган.

Лекин, сув етказиш таннархи жуда қиммат бўлган Қашқадарёда бундай усулда суғориладиган ерлар атиги 16 фоизни ташкил этади. Сув тежашда энг содда агротехник тадбир бўлган ерни лазерли текислаш ишлари ҳам етарли эмас ва бундай майдонлар улуши Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 10 фоиздан кам.

«Бунинг сабабларидан бири — сув тежовчи технологияни жорий қилган фермерларга кредит фоизининг бир қисмини қоплаш тартиби ишламаяпти. Шу боис йиғилишда бу бўйича янгича молиялаштириш тизими белгиланди. Унга кўра, кластер ва фермерларга сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун икки йиллик имтиёзли давр билан беш йилга 14 фоизли кредит ажратилади. Бунинг учун очиқ-ошкора платформа ишга туширилади. Ҳам банк билан, ҳам таъминотчилар билан шартнома электрон платформа орқали онлайн имзоланади», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Кейинги уч йилда ҳам қишлоқ хўжалиги техникасининг 15 фоизи ва лазерли текислагичнинг 30 фоизини субсидиялаш амалиёти давом эттирилади. 2026 йилгача ҳамма экин ерлари лазерли текисланади. 2026 йилдан кейин лазерли текисланмаган ерларга нисбатан ер ва сув солиқлари кескин оширилади.

Қайд этилишича, ҳозирда кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар 1 кубметр сувга ўртача 212 сўм харажат қилинаяпти. Лекин Бухоро, Қашқадарё ва Наманганда бу 2−3 баробар қимматга тушмоқда. Шу билан бирга, сув харажатининг 63 фоизи насос станциялари ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, суғориш учун йилига 7 млрд киловатт соат электр энергияси сарфланади. Чунки сув насосларининг 80 фоизи эскирган, энергия сарфи юқори.

Президент бу харажатларни камайтириш ва самарадорликни оширишнинг энг тўғри йўли насосларни модернизация қилиш ва уларни бошқаришни хусусий шерикликка бериш эканини таъкидлади. Бу бўйича бир нечта бошланган лойиҳа устидаги ишларни жадаллаштириб, халқаро молия ташкилотлари иштирокида 95 та насос станциясини янгилаш, 2024 йил бошида яна 118 таси бўйича тендер эълон қилиш вазифасини берди.

Ҳозиргача хорижий компаниялар 268 та насосни бошқарувга олиш ташаббусини билдирган. Йиғилишда, юқоридаги чоралар орқали 2024 йилда насосларнинг электр сарфини 300 млн киловатт соатга, кейинги уч йилда эса 1,5 млрд киловатт соатга камайтириш мумкинлиги таъкидланган. Сув хўжалиги вазирлигига халқаро молия ташкилотлари билан бирга, насосларни модернизация қилиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топшириғи берилган.