Самарқанд вилояти Ургут туманида ер майдони савдоси билан боғлиқ ноқонуний ҳолат аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Фуқаро Б.М. Ургут туманидаги маҳалла ҳудудидан 50 сотих захирадаги ер майдонини фуқаро З.И.га 97 минг долларга сотишга келишган. Ундан ҳужжатларни расмийлаштириб беришини айтиб, олдиндан 31 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Б.М.нинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда Давлат кадастрлар палатаси Ургут тумани филиали бўлими муҳандиси Н.Н. юқоридаги ер майдонининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериши эвазига 500 долларни олган вақтида қўлга тушган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.