Ўзбекистон дунёда биринчи бўлиб яшил водороддан минерал ўғитлар ишлаб чиқаради. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзкимёсаноати» АЖ ахборот хизмати раҳбари Рустамбек Эшбеков маълум қилди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси билан ҳамкорликда Чирчиқ шаҳрида «Яшил водородни ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Қиймати 88,0 миллион АҚШ долларини ташкил қиладиган мазкур лойиҳа доирасида биринчи босқичда 2025-йилда республикада 3 минг тонна яшил водород ва қуввати 52 МВт шамол трубинаси, иккинчи босқичда эса 500 минг тонна яшил аммиак ва 2,4 ГВт шамол трубиналари ишга туширилади.

Муқобил электр энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш натижасида дунёда биринчилардан бўлиб яшил водороддан минерал ўғитларни ишлаб чиқаришга ва юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни дунё бозорларига йўналтиришга эришилади.

«Бугунги кунда Европа давлатларида яшил минерал ўғитларга бўлган талаб жуда юқори бўлиб, уларни 15−20 фоиз қиммат сотиш мумкин. Бу каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш Ўзбекистон кимё саноати географиясини янада кенгайтириш имконини беради», — деди Рустамбек Эшбеков.

Қайд этилишича, лойиҳани амалга оширишдан қуйидаги мақсадлар кўзланяпти:

  • Мамлакатга кимё соҳасидаги энг охирги инновацион ва энергия тежамкор технологияларни олиб кириш ва шу орқали кимё саноати соҳасини декарбонизация қилиш, шу билан бирга яшил технологияларга ўтиш;
  • ўғит ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни қисқартириш ва ҳар йили қарийб 33 млн метр куб табиий газни иқтисод қилиш;
  • ушбу технологияларни амалда синаб кўрган ва уларни ишлата олиш кўникмасига эга бўлган мутахассислар базасини шакллантириш.

Аввалроқ Ўзбекистонда яшил водород ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш август ойида бошланиши режалаштирилгани ҳақида хабар берилганди. Саудия компанияси яшил водород ишлаб чиқариш мажмуасини яратишга сармоя киритади. Иншоот Чирчиқ шаҳридаги аммиак заводи негизида қурилади. Мажмуанинг лойиҳа қуввати йилига 3 минг тонна водородни ташкил этиши айтилмоқда.