Ўзбекистон эндокринологлар миллий уюшмаси раиси профессор Феруза Ҳайдарованинг сўзларига кўра, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлилик оқибатида келиб чиқадиган ортиқча вазн, носоғлом турмуш тарзи сабаб қандли диабет билан касалланганлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда, касалликнинг ўзи эса борган сари «ёшармоқда».

«Ҳозир дунёда ярим миллиарддан ортиқ киши ушбу дарддан азият чекмоқда. Уларнинг аксарияти хасталикнинг иккинчи турига чалинган. Диабетнинг бу тури ривожланишига инсон танасида мушак тўқимасининг камайиб, ёғ тўқимасининг кўпайиши сабаб бўлади. Аммо хасталик вазни ортиқча бўлмаган инсонларда ҳам ривожланиши мумкин», — дейди у.

Арам Гукасяннинг «Ички касалликлар» номли китобида қандли диабет пайдо бўлишининг бир неча сабаблари келтирилган. Унга кўра, аксарият ҳолларда асабий-эмоционал кечинмалар, ваҳима, қўрқиш ва баъзан руҳий жароҳатлар ҳам диабетга олиб келиши мумкин.

Ноябрь диабет ҳақида хабардорликни ошириш ойи ҳисобланади. Шу боис «Газета.uz» ушбу касалликда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида материал тайёрлади.

Қандли диабетнинг «аччиқ» рақамлари

Ҳозир дунё бўйича 540 млн кишида қандли диабет бор. 1980−2014 йилларда диабет билан касалланганлар сони 108 млндан 422 млнгача кўпайган. Халқаро диабет федерацияси прогнозига кўра, 2030 йилга бориб ушбу кўрсаткич 643 млн, 2045 йилда эса 783 млн кишига етиши мумкин. Энг ёмони, ҳар икки бемордан бири ўзида диабет борлигидан бехабар.

Кам ва ўрта даромадли мамлакатларда диабетнинг тарқалиш суръати юқори даромадли давлатларга қараганда баландроқ. Яъни, шундай ташхис қўйилган ҳар 4 катта одамдан 3 таси Ўзбекистон каби кам ва ўрта даромадли мамлакатда истиқомат қилади.

Жаҳон банкининг 2019 йилги маълумотларида 20 ёшдан 79 ёшгача бўлган Ўзбекистон аҳолисининг 7 фоизида қандли диабетнинг биринчи ва иккинчи тури борлиги таъкидланади. Халқаро диабет федерациясининг Ўзбекистондаги қандли диабетга доир 2021 йилги маълумотида катталарнинг 6,3 фоизида диабет борлиги қайд этилган. IDF Atlas маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда диабет ташхиси қўйилмаган аҳоли сони 74 фоизни ташкил қилган. Бу — халқаро ташкилотлар томонидан берилган баҳо.

Ўзбекистондаги расмий рақамлар эса анча камтарона. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йилги маълумотида Ўзбекистонда 230 610 киши диабет ташхиси билан рўйхатга олинган айтилади (2021 йилда улар сони 245 мингдан ошган — яъни, Ўзбекистон аҳолисининг 1 фоизи ҳам эмас). Бутун дунёда ушбу касалликка чалиниш ҳолатлари сони ошиб бораётган бир вақтда, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Ўзбекистонда қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланиш (ҳар 100 000 кишига) 2017 йилдаги 21,4 нафардан 2021 йилда 18,3 нафаргача камайганини ҳисоблаб чиққан.

Академик Ёлқин Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказидан «Газета.uz»га маълум қилишларича, Ўзбекистонда 2022 йил давомида жами 48 711 киши (уларнинг 616 нафари болалар, 151 нафари ўсмирлар)да қандли диабет аниқланган. 2023 йилнинг ярим йили давомида беморлар сони 17 970 кишига кўпайиб, жами 363 585 нафар (Ўзбекистон аҳолисининг 0,99 фоизи)га етган; уларнинг 3206 нафари болалар, 1175 нафари эса ўсмирлардир. Марказнинг қўшимча қилишича, бутун 2022 йил давомида Ўзбекистонда 10 778 киши қандли диабет асоратларидан вафот этган.

Қўрқинч

«Нега айнан мен?», «Энди бир умр шу касаллик билан яшайманми?» — диабети борлигидан хабар топган аксар беморлар шу каби саволлар гирдобида қолиб, шокка тушади. Лекин Дилфуза Каримовада ундай бўлмаган. У «сахар»и борлиги ҳақидаги ташхисдан отасининг ўлими ҳақидаги хабарни эшитганчалик ларзага келмаган. Шифокорларнинг «эртага жавоб берамиз» деган гапига ишониб, падари бузрукворининг аҳволидан хотиржам тортган аёл отаси аллақачон вафот этганини тушуниб етганида ҳушини йўқотган.

Дилфуза опанинг отасида ҳам диабет бор эди. У отасини кўрикка олиб чиққан вақтлари ўзи ҳам таҳлилга топширар, қонидаги қанд миқдори меъёрдан баланд чиқмасди. Унда хусусан диабетнинг ҳам даракчиси ҳисобланган ҳолсизлик, оғиз қуриши ва тез оч қолиш сингари аломатлар ҳам бўлмаган. Ҳаммаси отасининг ўлимидан кейин бошланган — ўша вақтда кучли стрессни бошдан ўтказган Дилфуза опа қандли диабетнинг иккинчи турини орттириб олган.

«Жанозадан кейин қабристонга борганимизда, синглимга: „Менга ҳам шу ердан жой тайёрланглар“, деганим эсимда. Синглим бундай гаплар Яратганга ҳам хуш келмайди, деб койиган, ҳаёт давом этишини айтиб, далда берганди ўшанда. Сингилларим ўз оиласи, бола-чақаси, уларнинг келажаги билан яшагани учун қайсидир маънода тушкунликдан чиқиб кета олди. Мен эса ёлғиз эканим сабаб бу воқеа руҳий ҳолатимга қаттиқ таъсир қилди. Боз устига, онам ҳар кун ёнимда отамнинг расмларига қараб, йиғлагани сайин ярам янгиланаверади», — дейди у.

Диабет ўзига нисбатан беписандликни ёқтирмайди — бепарвомисан, танадаги бирор орган орқали ўзининг борлигини тезда билдиради. Дилфуза опада ҳам шундай бўлган. Оиладаги йўқотишдан сўнг руҳий ҳолати ва саломатлигига эътибор бермай қўйгач, бир куни унинг буйраги қаттиқ оғрийди. Шифокор кўригидан кейин унга қандли диабетнинг иккинчи тури ташхиси қўйилади. Диабет аллақачон бошқа аъзоларни ҳам «истило қилиб» бўлгани боис опа беш йил ичида етти операцияни, хусусан, саратон амалиётини ҳам бошдан ўтказади.

20 ёшли Элёрбекка бундан саккиз йил аввал диабетнинг биринчи тури ташхиси қўйилган. Ўшанда у ўзини бирдан хорғин ҳис қилган, тўсатдан озиб кетиб, оғзи қурийдиган бўлиб қолган. Шундан кейин унинг ота-онасига болани диабетга текшириб кўришни тавсия қилишган.

«Яқин қариндошларим биолог-кимёгар бўлгани учун қон, қанд деган нарсаларни билардим. Лекин менга қандай ташхис қўйилганини, шифокор берган қоғозни олган онам нега йиғлаб юборганини, давлат касалхонасидан чиқиб, нима учун яна хусусий шифохонада қайта текширтиришганини ўшанда тушунмаганман», — дейди Элёрбек.

У бормаган шифокору табиб қолмаган, уни ҳатто чет элда даволатмоқчи бўлишган. Диабет ташхиси қўйилганидан кейин ўзи танимайдиган қариндошлари ҳам унинг ҳолидан хабар олгани кела бошлаган.

«Чунки 12 ёш боланинг диабетга чалиниши улар учун ҳам янгилик бўлган-да. Кейин билсам, ўша йили Ўзбекистонда жуда кўп болаларда қандли диабет кузатилган экан. Эндокринология шифохонасида даволанаётганимда янги туғилган чақалоқларни ҳам шу ташхис билан олиб келишганини кўрганман», — деди Элёрбек.

Профессор Феруза Ҳайдарованинг тушунтиришича, қандли диабетнинг биринчи тури ташхиси одатда 30 ёшгача бўлган беморларга қўйилади, шу боис касалликнинг бу тури «вояга етмаганлар диабети» ёки «болалар диабети» ҳам деб аталади. Диабетнинг биринчи турида иммун тизими таъсири остида ошқозоности безининг эндокрин ҳужайралари нобуд бўлади. Организм инсулин ишлаб чиқара олмаслиги оқибатида касаллик жуда тез ривожланади.

Қандли диабет текшируви қандай бўлади?

Қандли диабет биокимёвий диагностикаси беморда етарли миқдорда инсулин мавжудлигини аниқлашни ўз ичига олади, бу клиник белгилар билан тасдиқланади. Шу мақсадда бир қатор лаборатория синовлар ўтказилади. Улар қуйидагилардан иборат:

  • Глюкоза ва капилляр қоннинг нормал даражасини аниқлаш;
  • Оч қоринга ва машқдан кейин глюкоза миқдорини аниқлаш билан глюкоза бардошлик тести;
  • Сийдикдаги кетон таначалари (ацетон)ни текшириш;
  • Гликирланган гемоглобинни таҳлил қилиш;
  • Қонда С-пептид концентрациясини аниқлаш.

Феруза Ҳайдарованинг қўшимча қилишича, лаборатория диагностикасининг бошқа усуллари ҳам бор — улар умумий қон ва сийдик таҳлиллари, ошқозоности бези ҳужайраларида отоантикорлар, гормонлар даражаси (резистин, адипонектин, грелин, лептин)ни аниқлашни ўз ичига олади.

Элёрбек эслашича, «ўшанда шифокорлардан бири тинчлантириб, агар соғлом ва тўғри турмуш тарзига амал қилинса, ҳамма кўрсатмалар бажарилса, қўрқишга ва ваҳимага ҳожат йўқлиги, шунчаки ҳамма нарса вақтида, меъёрида бўлиши кераклигини айтган». Шунинг учун ҳам у диабетни «ҳаётни тартибга солувчи хасталик» деб атайди.

Айни вақтда, Элёрбек ўзида бу касаллик қаттиқ қўрқув ортидан пайдо бўлган, деб ҳисоблайди. «Биология бўйича 7-синфга ўтиш имтиҳонидан биринчи уринишда ўтолмаганман — аълочи, интизомли ўқувчи бўлганим учун бу менга ёмон таъсир қилган, „уйдагиларга нима дейман“, деб қўрққанман. Ўқитувчилар шу имтиҳонни деб „сени синфда қолдирамиз“ деганида икки карра қўрққанман», — деб эслайди у.

Мана шундай арзимас ҳолатни деб оғир дардга чалинган Элёрбек нафақат мактабда, балки оилада ҳам болаларни ўқишга жалб қилишга тўғри ёндашиш кераклигини таъкидлайди, катталар шу жиҳатга эътиборли бўлишларини хоҳлайди.

«Дарслари деб бошланғич синф ўқувчиларини кўп койишади. Аммо нуқул танбеҳ бериш, қўрқитиш билан бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатиш, фанга бўлган қизиқишининг йўқолишига сабабчи ҳам бўлиш мумкин», — дейди у.

Унинг ўрнида бошқаси бўлса, ўзининг таъбири билан айтганда, мактабдан, ҳеч йўғи биология фанидан кўнгли қолиши мумкин эди, эҳтимол. Лекин Элёрбек таслим бўлмай, бошқача йўл тутди — мактабдаги биология имтиҳонидан йиқилгач, ҳаётига қандли диабет кириб келганига қарамай, у айнан химия-биологиядан пухта тайёрланиб, Кимё-технология институтига давлат гранти асосида ўқишга кирди.

Далда

Диабетга чалинган кишилар учун энг асосийси — эътибор ва ғамхўрлик. Аввало, улар ўзига нисбатан бепарво бўлмаслиги лозим экани юқорида таъкидланди. Айни вақтда, атрофдагилар ҳам уларга бефарқ бўлмасликлари мақсадга мувофиқдир. Жаҳон тажрибасида диабетли кишиларни қўллаб-қувватлайдиган, уларга ёрдам берадиган ташкилотлар, тадқиқот марказлари ва фондлар кам эмаслигига гувоҳи бўлиш мумкин.

Масалан, аҳолисининг 8,5 млнга яқини диабетга чалинган Германияда German Diabetes Aid нодавлат ташкилоти диабети борлар, уларнинг оилалари, тадқиқотчилар ва бошқа мутахассисларни ўз қаноти остида бирлаштиради. Мамлакатда Диабет ассоциацияси, касаллик ҳақида билим ва маслаҳатлар берувчи Association of Diabetes Educating and Councilling Professions ташкилоти бор.

АҚШда бутун Ўзбекистон аҳолисидан ҳам кўпроқ — 37,3 млн киши диабетга чалинган. Мамлакатда касалликка чора кўриш ва у бўйича огоҳликни ошириш йўналишида фаолият олиб борувчи кўплаб ташкилотлар бор. Америка диабет ассоциацияси, Диабет адвокация бирлашмаси, Диабет, овқат ҳазм қилиш ва буйрак касалликлари миллий институти шулар жумласидан. Унга қўшни Канадада 11,7 млн киши диабет ёки предиабет билан яшайди. У ерда ҳам алоҳида Диабет ассоциацияси, Диабет ҳаракати, Diabetes Canada ташкилотлари бор. Бу ташкилотларнинг бари беморларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Ўзбекистонга яқинроқ Туркияда 20−79 ёш оралиғидаги 7 млн киши диабетдан азият чекади. Уларга Турк диабет жамияти, Турк диабет вақфи каби жамоат ташкилотлари ёрдам бериб келади. Қўшни Қозоғистонда эса вазият Ўзбекистондаги ўхшаш — беморлар сони расман 431 мингдан кўпроқ, аммо аслида ундан кўпроқ экани тахмин қилинади. Мамлакатнинг Қарағанда, Атирау, Туркистон вилоятларида диабет марказларини очиш режалаштирилган.

Ўзбекистонда ҳам «Диабет мактаби» каби лойиҳалар, «Умид-Д» каби ташкилотлар бор. «Умид-Д» Самарқанд вилоятидаги қандли диабет ва бошқа имконияти чекланган шахсларга ёрдам хайрия маркази бўлиб, унинг раҳбари Каринэ Татинцян 1987 йилдан бери диабет билан яшайди. Ўшанда у 11 ёшда эди. Ота-онаси бу хабардан қаттиқ хафа бўлган, аммо болалигидан курашувчан бўлган Каринэ уйини кўз-ёш ва ғам-ғусса эгаллашига йўл қўймаган.

«Бошиданоқ ота-онамга ташвишланмасликлари ва мен билан ҳаммаси яхши бўлишини айтганман. Ўшанда қийин вақтлар эди. Биз тозалик даражаси паст бўлган инсулиндан бошлаганмиз, аммо мен нима бўлишидан қатъий назар, ҳар доим олға боришни мақсад қилганман», — дейди у.

1995 йилда қандли диабетли болаларнинг ташаббускор ота-оналари ва Самарқанднинг Эндокринология диспансери шифокорлари томонидан «Умид» қандли диабет билан касалланган болалар уюшмасига асос солинади. Ўша вақтларда Самарқанд вилоятидаги диабетга чалингани маълум болалар сони 80−100 нафар эди.

2002 йилда ташкилот раиси ўринбосари этиб тайинланган Каринэ Валерьевна орадан бир йил ўтиб қандли диабетнинг биринчи тури ташхиси қўйилган болалар, ўсмирлар ва катталарни бирлаштиришни таклиф қилади. Ушбу таклиф маъқулланиб, ташкилот «Умид-Д» ногиронлар ва қандли диабет билан касалланганлар уюшмаси сифатида қайта рўйхатдан ўтказилади. Бу вақтга келиб диабетга чалингани маълум болалар сони 120 нафарга етган эди.

Каринэ Татинцян 2004 йилда ташкилот раисига айланди, 2014 йилда эса ташкилот яна қайтадан ташкил этилди — бу сафар иккинчи гуруҳдаги қандли диабетлиларга ҳам ғамхўрлик қилишга киришилган эди. «Шундай бўлса-да, биринчи турдаги қандли диабети бор болалар, ўсмирлар ва катталар бизнинг мақсадли гуруҳимиздир», — дейди Татинцян хоним.

Ҳозир диабетга чалинган одамларга ёрдам берувчи Тошкентда иккита (бири катталар, иккинчиси болалар учун), Қўқон ва Самарқандда биттадан (хусусан, «Умид-Д») ташкилот бор. Уларнинг бари бемор ташкилотлари (бемор ташкилотлар муайян касаллиги бор кишилар томонидан тузилади — таҳр.). Бундан ташқари, Ўзбекистон эндокринология ва диабет ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон эндокринологлар миллий ассоциацияси номли шифокорлик ташкилотлари ҳам бор.

Каринэ Татинцян диабетли кишиларга ёрдам берувчи ташкилотлар қанча кўп бўлса, шунча яхши бўлишини таъкидларкан, Қорақалпоғистон, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида ҳам фаоллар томонидан шу каби нодавлат-нотижорат ташкилот (ННТ)ларни очишга ҳаракатлар бўлгани, аммо бу ишлар ўлда-жўлда қолиб кетганини афсус билан таъкидлайди.

«ННТда ишлаш — ҳаётимизнинг қийин бир қисми. Бундай ташкилотларнинг ходимлари одатда жамоатчилик асосида, асосан маош олмай ишлашини тушуниш билан қабул қилиш керак», — дейди у.

Татинцян хоним раҳбарлик қилаётган марказ соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича барча чора-тадбирларни амалга ошириш, қандли диабетли одамларнинг даволаниш даражасини замонавий технология ва дори-дармонлар билан юқори даражага кўтариш, замонавий технология ва интеллектуал ресурсларини жалб этган ҳолда, соғлиқни сақлаш ташкилотлари билан ҳамкорликда илғор даволаш усулларини ҳаётга татбиқ этиш кабиларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

«Ҳозир Самарқанддаги қандли диабети бор бола ва ўсмирлар сони 400 дан зиёд. Илгари биз инсулин, ўз-ўзини назорат қилиш воситалари, шприц ва бошқа кўп нарсалар шаклида доимий равишда гуманитар ёрдам кўрсатардик. Эндиликда диабети бор бола ва ўсмирлар инсулин аналоглари билан 100 фоиз, 27 ёшгача бўлганлар, шунингдек, ҳомиладорлар ҳам инсулин аналоги ва ўзини-ўзини назорат қилиш воситалари билан таъминланган», — дейди Каринэ Татинцян.

Айни вақтда, уни баъзиларнинг ўз саломатлигига нисбатан бепарволиги, бу масалага жиддий қарамаслиги ранжитади. Татинцян хонимнинг фикрича, бу беморларнинг эмин-эркин яшаши йўлидаги энг катта тўсиқлардан биридир. Масалан, «эртага оила қуролмай қолади» деб фарзандини эндокринология марказига ҳисобга қўймаслик — ҳам мана шундай ёмон мисоллардан.

«Дори воситалари ва шифокор назоратисиз қолган диабетли инсон кўпинча қандай қийинчиликларга дуч келиши ҳақида унинг атрофидагилар ўйлаб ҳам кўрмайди. Аммо биз бунинг устида ишлаяпмиз. Ота-оналар билан суҳбатлашиб, қандли диабетли одам диабетсиз бошқа одамдан ҳечам фарқ қилмаслигини тушунтиряпмиз. Бахтиёр жуфтликлар ва серфарзанд оилалар мисолида уларнинг фарзанди ҳам бахтли, аввало, соғлом бўлишга лойиқлигини кўрсатамиз», — дейди у.

«Худди ўша» номли фильмда қандли диабет билан яшайдиганлар ҳам бошқалар сингари психологик қийинчиликларга дуч келиши кўрсатиб берилган. Тушуниш, руҳий далда нафақат қандли диабетли инсонлар, балки бошқалар учун ҳам ўта муҳим. Нормал — романтизация ва дискриминациядан холи — муносабат, тўғри муомала ҳам торт сингари ширин ва ёқимли, шу билан бирга шакарсиз ва зарарсиз бўлиши мумкин.

«Касаллик бўлса, уни инкор қилиб бўлмайди. Хасталик билан бирга киши ҳаётига чекловлар ва узоқ умр кўриш учун амал қилиниши зарур бўлган янги мажбуриятлар ҳам кириб келади. Ҳаёт энди аввалгидек бўлмаслигини қабул қилиш муҳим, аммо бу фалокат эмас. Ахир яқинлар даврасидаги илиқ оқшомлар, янги ғоялар, ёрқин лаҳза ва таассуротларга тўла ҳаёт ҳали давом этади. Аммо буларнинг бари малакали психолог томонидан тушунтирилиши керак», — дейди Каринэ Татинцян.

У беморлар учун ҳаётига «Сизда диабет бор» сўзи билан кириб келадиган янгиликни қабул қилиш ва вазиятни идрок қилиш учун ҳам психологик ёрдамни зарур, деб ҳисоблайди. Айни вақтда, қандли диабет билан оғриган беморларга психологик ёрдам кўрсатиш ёндашуви пухта ишлаб чиқилиши керак.

«Бизга беморнинг аҳволини ичидан англайдиган эндокринолог-психологлар керак. Бу касалликни қабул қилиш ва компенсация учун жуда муҳимдир. Ҳозир эса клиникаларда оддий бемор муаммосининг моҳиятини ичдан англамайдиган, эндокринолог ёрдамидан воз кечган у ёки бу бемор билан нима қилишни умуман тушунмайдиган психологлар (агар ҳали ҳам бор бўлса) ишлайди», — дейди Татинцян хоним.

Мутахассислардан ташқари оддий инсонлар — жамиятдаги ҳар бир киши ҳам касаллик билан яшаётганларга руҳий далда бўлиши мумкин. Масалан, Элёрбекнинг «яхшимисан, ўзингни қандай ҳис қиляпсан?», деб аҳволи билан қизиқадиган, ҳар эҳтимолга қарши биринчи ёрдам қандай кўрсатилишини билиб олган курсдошлари, ҳаммасидан хабардор бўлгани учун сессияда қийнамайдиган устозлари, тушкунликка тушган Дилфуза опани эса «ўзингни қўлга ол», дея қўллаб-қувватлайдиган сингиллари ва дугоналари сингари.

«Аҳволи оғирлашганида одам бу дунёда ризқим тугаяпти, деб ўйлаб қолиши мумкин. Лекин яқинларимнинг далдаси, қолаверса, ишим борлиги эртанги кун учун мотивация бўлган. Ётган жойимда ҳам онлайн ишлаб уйимнинг ромларини янгилаб олдим, керакли техникалар сотиб қилдим. Хуллас, курашдан тўхтамадим. Онамнинг нафақасига қараб қолмаслик учун ҳам ҳаракат қилдим. Ҳозир ишламаяпман, лекин орада таржималар қилиб тураман, Европа лойиҳаларида масофадан қатнашаман. Асосийси, ўзимни қўлга олишим кераклигини тушуниб етдим», — дейди Дилфуза опа.

Шифо

Диабетнинг асосий шифоси — инсулин. Инсулин — меъдаости бези ишлаб чиқарадиган, қондаги қанд миқдорини назорат қилувчи модда. У организмдаги шакарни қайта ишлашга ёрдам беради. Қанд миқдорининг назоратсиз қолиши ҳаёт учун хавфли. Профессор Феруза Хайдарованинг таъкидлашича, қандли диабетнинг биринчи тури касаллик бошиданоқ инсулинга боғлиқ. Иккинчи турида хасталик ривожланаётганида эҳтиёж бўлмаса-да, орадан маълум вақт ўтгач инсулин керак бўлиши мумкин.

«Диабетни даволашда унинг тури аҳамиятга эга. Биринчи турни фақатгина инсулин билан даволаш талаб қилинади. Иккинчи турида эса касаллик клиникаси, кечишига қараб даво турлари танланади. Ҳозирда бир қанча инсулин препаратлари мавжуд. Улар таъсир қилиш давомийлиги (ўта қисқа, қисқа, ўрта, узоқ таъсир қиладиган), тозалик даражаси (монопик ва монокомпонент), ўзига хослиги (генетик муҳандислик йўли билан олинадиган ёки жониворлардан олиниши)га қараб турларга бўлинади», — дейди мутахассис.

Инсулин ошқозон-ичак трактида парчаланиб кетади, шу боис у фақат инъекция орқали, овқатланиш вақтида берилади. Қатъий парҳезга амал қилиб, овқат рационидан енгил ҳазм бўлувчи углеводлар (шакар, ширинлик ва мевали шарбатлар) бутунлай чиқариб ташланиши керак. Шунингдек, қанд миқдорини камайтирадиган дориларни қатъий белгиланган вақтларда олиш, уларни ўзбошимчалик билан алмаштирмаслик, дозасини ўзгартирмаслик керак. «Шифокор тавсиясисиз дориларни бекор қилиш, кўрсатмасисиз қабул қилиш мумкин эмас», — дейди Феруза Ҳайдарова.

Элёрбек икки хил инсулинни ишлатади. Улардан бири овқатдан кейинги углеводларни парчалаш, иккинчиси эса кун давомида қанд миқдорини меъёрда ушлаб туриш учун мўлжалланган. Инсулинларни вақтида олгани, тартибга қатъий амал қилгани боис ўзини хаста ҳис қилмайди. Унинг учун бу худди тонгги ювиниш, нонушта қилиш каби кундалик одатларнинг бири холос.

У ҳар иккала турдаги инсуллини давлат ҳисобидан олади — бу воситалар унга 8 йилдан буён, илк бор диабет ташхиси қўйилганидан бери берилади. Бу жараён у 25 ёшга тўлгунига қадар давом этади. Шундан сўнг унга бепул инсулин бериш тўхтатилади, аммо, бахтга қарши, касаллик ўзи тўхтамайди. У шуни ўйларкан, боши қотади. Ҳали ҳам бўлса, вазият яхшиланган — 2022 йилгача инсулин фақат 18 ёшгача бепул бериларди.

«18 ёшга тўлганимдан кейин бир муддат (инсулинни бепул олиш ёши 25 ёшгача узайтирилгунига қадар — таҳр.) ўзимиз инсулин сотиб олишимизга тўғри келди. Ўшанда поликлиникада маҳаллий ишлаб чиқарувчининг инсулинини таклиф қилишган. Бир ой олиб кўрдим, лекин у шу вақтгача доимий олганим Франция инсулинига нисбатан самарасиз экан», — деб эслайди Элёрбек.

Муаммо

Қандли диабетли инсонларни қандай муаммолар қийнайди? Бу саволга ҳар ким ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, турлича жавоб беради. «Умид-Д»нинг раҳбари, агар гап диабетнинг иккинчи тури бор беморлар ҳақида кетаётган бўлса, уларни дори воситалари билан таъминлаш лозимлиги, шунингдек, диабет ташхисли барча ёшларни ҳаётга тайёрлаш долзарблигини таъкидлайди.

«Диабети бор йигит-қизлар турмуш қуришдан олдин ҳаётга тайёрланиши керак. Кўпинча, ёш йигитлар аспермияга дуч келади. Афсуски, бизда уларга ўз вақтида ёрдам берадиган мутахассис йўқ. Бу муаммо замонавий даволаш усуллари, диабетни назорат қилиш ва бошқа жиҳатлар билан ҳал қилиниши лозим. Асосийси, ўқитиб-тайёрланган мутахассислар керак», — дейди Каринэ Татинцян.

«Умид-Д»нинг раҳбари фертил ёшдаги қизлар учун мактаб ҳам ташкил қилиниши керак, деб ҳисоблайди. Унда турмуш қуришдан аввал биринчи ва кейинги ҳомиладорликка қандай тайёргарлик кўриш, болани қандай кўтариш кераклиги тушунтирилиши керак ва булар турмушга тайёргарликнинг зарурий бандлари бўлиши лозим.

Элёрбекнинг наздидаги қийинчилик эса бироз бошқача. У ташхис қўйилган боланинг ўзидан ҳам кўра ота-онасига, яқинларига қийинроқ бўлади, дейди. Айниқса, бола вақти онаси унга яхшироқ қарашлари — яъни қонун доирасидаги ўз вазифаларини бажаришлари — учун шифокорларга ялинганини эсласа, тепа сочи тикка бўлади ва «катта одам бўлиб кетсам, онамни давлат шифохоналарида сарсон бўлишига йўл қўймайман», — деб ният қилганини эслайди.

Диабетга чалинган айрим ёши катта беморлар на инсулин олади, на парҳез қилади. Улар орасида инсулиндан қўрқадиган, уни зарарли деб ўйлайдиганлар ҳам бор; «таблетка ичяпману, шунинг ўзи етади», дейди. Катталарнинг бундай қилиқлари Элёрбекка тушунарсиз, ҳатто ғалати кўринади. Унинг айтишича, инсулинсиз диабети бор инсонга қийин.

«Инсулинсиз диабетга чалинган кишининг аҳволи ёмонлашиши мумкин. Биринчи навбатда кўз ишдан чиқади. Кейин буйрак, жигар… Соғлом одам ошқозоности безининг учинчи қисмида инсулин чиқади. Диабетли инсонларда бу тўхтайди, яъни энди бошқа инсулин манбасидан фойдаланиш, қондаги қанд меъёрда бўлиши учун инсулин етказиб бериш керак», — дея тушунтиради у.

Айни вақтда, у катталарнинг четдан қараганда ғалатидек кўринадиган бундай «инжиқликлари» моддий-молиявий аҳвол билан изоҳланиши мумкинлигини ҳам эътироф этади. Чунки инсулин ва бошқа керакли воситалар 25 ёшгача давлат томонидан мунтазам бепул тақдим этилади. Агар инсулинни, унга қўшимча шприц, глюкометрни доимий равишда сотиб олишга тўғри келса, «ўзим ҳам қийналиб қолган бўлардим», дейди (юқорида таъкидланганидек, ҳозирдан шу ҳақда ўйласа, унинг боши қотади).

Қандли диабет асорати сабаб отаси шифохонага ётқизилган бўлган Шаҳнозанинг айтишича, давлат касалхоналари хизматидан фойдаланиш учун навбатга туриш керак, аммо гангрена (қорасон) ва бошқа жиддий асоратлар «булар навбатда экан-ку» деб қараб турмайди. Хусусий шифохоналарда даволаниш, жарроҳлик амалиётлари учун эса ҳар сафар кўп пул сарфлашга тўғри келади.

«Отам учун ҳар қанча сарфлашга ҳам розимиз, лекин хусусий шифохоналарда даволаниш оддий одамга осон эмас. Дори-дармонлар қимматлиги, ҳаражатлар кўплигидан шароити кўтармаганлар, ноилож, „кесиб ташлайверинг“ дейди. Хусусий шифохоналардаги жарроҳлик амалиётлари, даволаниш жараёнлари назоратга олинса яхши бўларди», — дейди у.

Операция билан аҳвол ўнгланиб кетса қани энди — шифохонадан чиққач, тикланиш жараёни, яралар битиш учун доимий малҳам қўйиш ҳам яхшигина маблағ талаб қилади.

* * *

2021 йили Киевда «Диабет — ҳукм эмас» номли кўргазма ўтказилганди. Унда фоторассомлар ғоясига биноан барча қаҳрамонлар шакар билан суратга тушган. Муаллифлар бу орқали қандли диабетнинг келиб чиқиши ҳақидаги энг кенг тарқалган стереотипга эътибор қаратмоқчи бўлган. Бундай тўқималар жуда кўп ва ижодкорлар бу лойиҳа билан одамларга вақтида қилинган диагностика ҳаётни сақлаб қолиши мумкинлиги, қандли диабет эса ҳукм эмаслигини айтишга уринган.

Қандли диабетга чалинган инсонлар ҳам ҳамма қатори ишда, ўқишда фаол бўлиши, жамиятда ўз ўрнини топиши мумкин. Элёрбек — бунга яққол мисол. Рус ва инглиз тилларини яхши биладиган Элёрбек ўқишдан ташқари вақтда мижозларни қўллаб-қувватлаш хизматида оператор бўлиб ишлайди. Шу кунгача эришганларига қандли диабет тўсиқ бўлолмаган Элёрбек рационал фикрлаш тарафдори. У буткул тузатиб қўядиган сеҳрли таёқча йўқлигини тўғри англагани ҳолда, касалликни борича қабул қилишни ва шу аснода фаол бўлишни афзал билади.

«Вақтида ҳамма тадбирларга амал қилинса, диабет мен учун касаллик эмас — шамоллаш ёки гриппдан ҳам осонроқ. Инсулинни вақтида олса, тартибли ҳаёт кечирса, диабетли одам ўрта статистик одамдан ҳам кўпроқ умр кечириши мумкин. Масалан, соппа-соғ одам ҳам йўл-транспорт ҳодисасида ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Одамнинг кўринишидан унда диабет бор ё йўқлиги билинмайди — ўзим айтмасам, шу пайтгача биров билмаган. Умуман олганда буни тўғри қабул қиламан ва уялмайман — уяладиган нарса ҳам эмас аслида», — дейди у.

Феруза Ҳайдарова ҳам қандли диабет билан бемалол нормал ҳаёт кечириш мумкинлигини таъкидлайди — компенсацияланган диабет никоҳ ва нормал оилавий ҳаётга тўсқинлик қилмайди. «Қандли диабет — тўғри ҳаёт тарзини олиб бориш, дегани. Агар шифокор маслаҳатига қулоқ солиб, парҳез ва жисмоний юкламага риоя қилинса, ҳолат доимий равишда назорат қилиб турилса, асоратларнинг олдини олиш ва тўлақонли ҳаёт кечириш мумкин», — дейди у.

Профессорнинг қайд этишича, биринчи ва иккинчи тур диабетнинг чидамли шаклларини бутунлай даволаш имкони йўқ, лекин доимий назорат остида ва шифокор тавсияларига амал қилган ҳолда касаллик асоратларининг олдини олиш ёки бутунлай чеклаш мумкин. «Зеро, касалликнинг ўзи эмас, асоратлари хавфли», — дея қўшимча қилади Феруза Ҳайдарова.

Каринэ Татинцян ҳам профессорнинг фикрларини маъқулларкан, диабетли одамлар ҳақида катта муаммоли инсонлардек гапирмаслик, уларни «диабетиклар» деб атамасликни сўрайди ва, асосийси, диабет билан дўст бўлиб яшашни тавсия қилади.

«Дунёда ҳали ҳеч бир одам диабетдан ўлмаган! Уни деб ҳаётдан кўз юмаётганларнинг бари диабет асоратларидан вафот этади. Асоратлар эса мана шу — бепарволик ҳамда ўзимизга бўлган ҳурматсизлик», — дейди у.