Президентнинг 27 ноябрь куни имзоланган фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг бир қатор жараёнларни интернет орқали жонли эфирга узатиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Ҳужжатга кўра,

  • фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун илмий кенгаш томонидан ўтказиладиган диссертация ҳимояси (ёпиқ илмий ишлар бундан мустасно);
  • ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларининг, (шу жумладан, «Темурбеклар мактаблари» ҳарбий-академик лицейларининг) тест синовлари ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари;
  • олий таълим муассасалари базасидаги ҳарбий таълим факультетларига (ҳарбий кафедра) қабул қилишдаги саралаш танловларининг умумжисмоний тайёргарликни баҳолаш ва чақириққача бошланғич тайёргарлик дастури бўйича билим даражасини баҳолаш босқичлари интернет орқали жонли эфирга узатилади.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат органлари ва ташкилотларининг қайта алоқа тизими самарадорлиги даражасини баҳолаш мақсадида «Қайта алоқанинг сирли мижози» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш вазифаси юклатилган.

«Қайта алоқанинг сирли мижози» тадбири давлат органлари ва ташкилотларидаги ишонч телефонларининг (Call-марказ) ҳамда уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинган телефон рақамларининг доимий равишда ишчи ҳолатдалиги, маълумотлар алмашинуви самарадорлиги, қайта алоқанинг мавжудлиги, шу жумладан, тезкорлиги ва белгиланган муддатларда амалга оширилиши даражасини текшириш мақсадида ўтказилади.

Тадбирни агентликнинг масъул ходимлари алоқа воситаларидан (телефон қўнғироқлари, электрон почта ва бошқа алоқа каналлари) фойдаланган ҳолда масофавий тартибда ўтказади. Унинг натижалари бўйича давлат органлари ва ташкилотларига ўзининг очиқликни таъминлашга оид фаолиятини яхшилаш ҳамда такомиллаштириш учун кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома юборилади.

Жараёнда қуйидагилар тақиқланади:

  • Тадбирни ўтказишда ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш ва ундаш, шу жумладан, низоли, баҳсли ҳолатларни ва камчиликларни сунъий равишда келтириб чиқариш;
  • Тадбирни ўтказишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходимларидан ташқари бошқа шахслардан фойдаланиш;
  • ўрганиш объектига ташриф буюриш.

Тадбир натижалари бўйича аниқланган камчиликлар вазирлик ва идоралар ходимларини жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди, иш берувчи томонидан шахсий ташаббус кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.

Шунингдек, фармон билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги халқаро ташкилотлар ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда уч ой ичида давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлашга масъул ходимларини очиқлик соҳасидаги миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар талаблари бўйича ўқитишга қаратилган онлайн малака ошириш тизимини электрон платформа асосида йўлга қўйиши белгиланган.

Бундан ташқари, ҳужжат билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023−2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланган.