Ўзбекистонда сўнгги 3 йилда 30 киши қимматбаҳо металлар қазиб олиш жараёнида хавфсизлик талабларига риоя этилмагани оқибатида вафот этган. Бу ҳақда 28 ноябрь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида айтилди.

Йиғилишда қайд этилишича, Тошкент, Наманган, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида аҳоли томонидан очиқ майдонларда олтин ва қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари йилдан-йилга кўпаймоқда.

Хусусан, 2020 йилда олтин ва қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари юзасидан 34 та маъмурий иш қўзғатилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 463 тани, 2022 йилда эса қарийб 1500 тани ташкил қилган.

Очиқ майдонларда қазиб олиш ишлари жараёнида хавфсизлик талабларига риоя этилмагани оқибатида 2021, 2022 ва 2023 йилнинг 10 ойида қарийб 30 нафар фуқаро ис газидан ёки қум ва тош босиб қолиб, вафот этган. Бундан ташқари, очиқ майдонларда ноқонуний олтин қазиб олиш жараёнларига вояга етмаганларни ҳам жалб қилиш ҳолатлари мавжуд.

«Таркибида олтин ва қимматбаҳо металлар бўлган рудаларни ноқонуний қазиб олиш билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 702-моддаси билан қўлланиладиган жарима миқдори кам белгилангани қонунбузилиш ҳолатларининг айни бир шахслар томонидан такрор содир этилишига сабаб бўлмоқда», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бугунги кунда 102 нафар жисмоний шахс томонидан қимматбаҳо металларни ноқонуний йўл билан қазиб олиш ҳолати такрорий содир этилган. «НКМК», «ОКМК» ва бошқа конлар томонидан захирага олинган шахта ва карьерлар атрофи ўраб олиниб, қўриқланиши таъминланмаган.

олтин қазиб олиш, қимматбаҳо металлар
Фото: Сенат матбуот хизмати.

Сенат хабарига кўра, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг ҳудудий экспедициялари томонидан шахта ва штольняларни лойиҳа бўйича иш тугатилгандан сўнг ўрнатилган тартибда тўлиқ ёпиш чоралари кўрилмаган, бу эса мазкур ҳудудларда олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олаётган фуқароларга ноқонуний қазиб олиш ишларини олиб боришга шароит яратмоқда.

Маъданли тошлар таркибида қимматбаҳо металлар миқдорини аниқлаш юзасидан экспертиза ўтказишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳам мавжуд эмас.

Муҳокамалардан сўнг қўмита томонидан Вазирлар Маҳкамасига мутасадди вазирлик ва идорларни жалб қилган ҳолда соҳадаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларидаги тегишли жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиб, уларни такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берилган.

Шунингдек, халқ депутатлари Тошкент, Наманган, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари, туман (шаҳар)лар кенгашларига ҳудудий масъул идоралар раҳбарларни жалб қилган ҳолда мунтазам танқидий муҳокамалар ташкил қилиш тавсия этилган.