Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил 25 декабрдан бошланишини эълон қилди.

Бунда олий ўқув юртлари талабалари, техникум, коллеж, касб-ҳунар мактаби ва академик лицейлар ўқувчиларига қишки таътил муддати 25 декабрдан 2024 йилнинг 7 январига қадар этиб белгиланди. Дарслар 8 январдан бошланади.

Таълим соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланувчи Бектош Хотамов расмий хабар эълон қилинишидан аввал таътил муддати нодавлат ва хорижий ОТМларга ҳам тегишли экани ҳақида ёзди.

Таълим соҳаси бўйича эксперт Комил Жалилов эса «Вазирлик хорижий ва нодавлат таълим муассалари учун таътил муддатлари ва давомийлигини белгилашга қай даражада ваколатли?» дея савол қолдирди.

«Олий ва профессионал таълим муассасаларида одатда академик календарь бўлади. Унда ўқув йили ва семестрлар қачон бошланиб, қачон тугаши, ўқув ва имтиҳон ҳафталари, курс ишларини топшириш ва қайта топшириш муддатлари белгиланади. Академик календарь аксар ҳолларда кейинги ўқув йили учун университет кенгашида тасдиқланади ва ўқув йили бошланишидан олдин университет сайти ёки интранети орқали талабаларга етказилади. Дейлик, хорижий ёки нодавлат ОТМ тасдиқлаган академик календарда таътилнинг бошқача муддатлари белгиланган бўлса ва бу вазир буйруғида белгиланган муддатларга мос келмаса, ОТМ тасдиқланган ва эълон қилинган академик календарга ўзгартириш киритиши керакми?» — дея пост қолдирди эксперт.

У «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддасига юзланар экан, «моҳиятан, қонун вазирликка фақат давлат ОТМлари ўқув режалари (академик календари)га аралашиш ваколатини бермоқда», — деб таъкидлади.

Вазирлик матбуот котиби Назокат Абдуқундузованинг «Газета.uz» сўровига биноан аниқлик киритишича, бу муддат фақатгина давлат ОТМларига тааллуқли.

«Хусусий ва нодавлат таълим муассасалари учун эса тавсиявий характерга эга. Улар ўзларининг календарь режаларидан келиб чиққан ҳолда таътил вақтларини мустақил белгилайди», — дейди у.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 октябрдаги қарорида таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органларининг декабрь ойининг охирги 10 кунлиги ва январь ойининг биринчи 10 кунлиги оралиғида ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари талаба (ўқувчи)ларининг ҳар йилги икки ҳафталик қишки таътилини ўтказиш бўйича тартиби нодавлат таълим ташкилотлари учун тавсиявий ҳисобланиши келтириб ўтилган.