Ўзбекистоннинг Нью-Йоркда янги тайинланган бош консули Жамил Шарапов ўз вазифасини бажаришга киришди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Жамил Шарапов 1981 йилда туғилган. У Тошкент давлат шарқшунослик институтини (ҳозирги Тошкент давлат шарқшунослик университети) тамомлаган.

Фаолияти давомида Ташқи ишлар вазирлиги, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида турли лавозимларда ишлаган. Тайинловга қадар ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти директори ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Жамил Шарапов мазкур лавозимда 2018−2023 йилларда Нью-Йоркдаги бош консулликни бошқарган Камол Икромов ўрнини эгаллади.

Маълумот учун, бош консулликнинг консуллик округига АҚШнинг қуйидаги штатлари ва маъмурий ҳудудлари киради: Айдахо, Айова, Аляска, Аризона, Вайоминг, Вашингтон, Вермонт, Виржиния ороллари, Висконсин, Гавайи, Иллинойс, Индиана, Калифорния, Канзас, Коннектикут, Массачусетс, Миннесота, Миссури, Мичиган, Монтана, Мэн, Небраска, Невада, Нью-Гэмпшир, Нью-Жерси, Нью-Йорк, Нью-Мексико, Огайо, Орегон, Пенсильвания, Пуэрто-Рико, Род-Айленд, Шимолий Дакота, Жанубий Дакота, Юта, шунингдек, Мексика ва Лотин Америкаси мамлакатлари (Куба ва Бразилиядан ташқари — ушбу давлатлар Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси консуллик округига киради).