Тошкентдаги АҚШ элчихонаси DV-2023 (Грин кард) дастур йили давомида иммиграцион визаларни тақдим этиш бўйича дунё бўйлаб 7-ўринни эгаллаганини маълум қилди.

«АҚШда меҳнат фаолиятини олиб бориш, яшаш ва таълим олиш учун кўплаб усуллар мавжуд. Қонуний ва хавфсиз саёҳат йўлини танланг», — дейилади элчихона хабарида.

Маълумот ўрнида, АҚШ ҳукумати «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси — DV» дастури (Green Card / Грин кард) доирасида 50 мингта доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади. 2023 йилги мавсум учун ушбу визани қўлга киритиш мақсадида тахминан 119 мингдан зиёд киши рўйхатдан ўтган бўлиб, ўзбекистонлик иштирокчилар лотереяни энг кўп ютганлар орасида мисрликлар ва жазоирликлардан кейин учинчи ўринни эгаллаганди:

  • Мисрда — 5529;
  • Жазоирда — 5526;
  • Ўзбекистонда — 5511;
  • Эронда — 5506;
  • Россия — 5505 номзод ғалаба қозонган.

7 сентябрь куни элчихона 2023 йилги Грин кард дастурини муддатидан олдин якунлашини эълон қилди. Бунга мавжуд бўлган барча 55 мингта виза бериб бўлингани сабаб қилиб кўрсатилган. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида 3100 дан ортиқ мурожаатчи билан суҳбат ўтказилиб, виза берилган.

Эслатиб ўтамиз, Грин кард дастурининг 2024 йил учун мавсумида рўйхатдан ўтиш 2023 йил 4 октябрдан 2023 йил 7 ноябргача бўлиб ўтди. Натижалар 2024 йилнинг май ойи бошида чиқиши кутилмоқда.