Ўзбекистонда тадбиркорлар ўртасида «Ёнғин хавфсизлиги аълочиси» танлови ўтказилади. Ҳукумат қарори билан танловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Танлов 2024 йилдан бошлаб, ҳар йили октябрь — декабрь ойларида ёнғин чиқиш хавфи бўйича I ва II гуруҳга мансуб объектларга эга тадбиркорлар ўртасида навбат билан йиллар кетма-кетлигида ўтказилади (янги қурилаётган, реконструкция қилинаётган, кенгайтирилаётган, техник жиҳатдан қайта жиҳозланаётган ва капитал таъмирланаётган объектлар бундан мустасно).

Номзодларнинг аризалари танлов эълон қилинган кундан бошлаб 20 кун мобайнида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус электрон ахборот тизими орқали туман (шаҳар) комиссиялари томонидан қабул қилинади (танловда иштирок этиш бепул).

Танловда қатнашиш истагини билдирган номзодлар ўз аризалари билан бирга қуйидагиларни тақдим этади:

  • тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги умумий маълумот (объектнинг манзили, фаолият тури, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва бошқалар);
  • белгиланган тадбирларнинг бажарилганини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари, фотоальбом, 5 дақиқадан ошмаган, сифати юқори бўлган видеолавҳали тақдимот материали.

Танлов 3 босқичда ташкил этилади:

  1. Биринчи босқичда танловда иштирок этиш учун муносиб номзодларни танлаб олиш мақсадида туман (шаҳар) даражасида саралаш тадбирлари ўтказилади.
  2. Иккинчи босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари туман (шаҳар) даражасида энг кўп балл тўплаган номзодлар бўйича тақдим этилган ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқади ва баҳолайди.
  3. Учинчи босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари томонидан тақдим этилган номзодлар ўртасида танлов ўтказилади.

Танловнинг якуний босқичи ҳар йили декабрь ойининг иккинчи 10 кунлигида Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Танловда ғолиб деб топилган номзод 100 млн сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади ҳамда унинг фаолияти танлов натижалари расмий эълон қилинган кундан кейинги 2 йил давомида давлат ёнғин назорати органлари томонидан текширилмайди.