Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида 14 ёшли қизни 7 ой давомида мажбуран сақлаб келиб, турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлагани айтилган аёл қамоққа олинди. Бу ҳақда болалар омбудсмани матбуот хизмати хабар қилди.

25 ноябрь куни фуқаро Н.А. (аёл) гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, 26 ноябрь куни унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Китоб тумани судининг ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

Эслатиб ўтамиз, болалар омбудсманига вилоятнинг Китоб туманида яшовчи вояга етмаган (2009 й.т.) Ч.Т. мурожаат қилган. Унда қиз 2023 йилнинг май ойидан 15 ноябрга қадар Шаҳрисабз тумани Хўжабоғ қишлоғида яшовчи фуқаро Н.А. (аёл)нинг уйида зўрлик ва таҳдид орқали турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлангани ҳақида сўз борган.

Вилоят прокуратураси 24 ноябрь куни ҳодисани ўрганишни бошлаган. Китоб тумани прокурори томонидан фуқаро Н.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов гуруҳи тузилган ва тезкор равишда тергов ҳаракатларига киришилган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг хабар қилишича, қиз Китоб туманида яшовчи отаси Ғ.Ж.нинг қарамоғида бўлган, онаси Х.С. 2023 йил январь ойида Россияга ишлаш учун кетган ва бугунги кунгача яшаш манзилига қайтиб келмаган. Қизнинг тоғаси Х.М. томонидан қилинган мурожаатга асосан, ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли суриштирув ишларига киришилган.

Ҳозирда агентликнинг Китоб тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан психолог ва педагоглардан иборат ишчи гуруҳ қизнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини тиклаш, мазкур ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда уни бартараф этиш чораларини, шунингдек, ҳолат юзасидан комплекс ўрганишларни давом эттирмоқда.

«Мазкур иш юзасидан болалар омбудсмани вояга етмаган Ч.Т.нинг қонуний манфаатлари таъминланиши устидан парламент назоратини давом эттиради», — дейилади омбудсман баёнотида.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг юқорида келтирилган моддаси билан айбдор деб топилган шахслар 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилади.