Наманган вилояти Чортоқ тумани тез тиббий ёрдам хизмати Алихон шохобчаси ҳайдовчиси ЙТҲ оқибатида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ССБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 26 ноябрь куни 35 ёшли ҳайдовчи А.Н. Damas русумли машинада фельдшер Ҳ.Т. билан бирга дори-дармон олиш учун Алихондан туман тез тиббий ёрдам марказига йўлга чиққан. Уларга яна бир ҳайдовчи С.И. ўз хоҳиши билан ҳамроҳлик қилган.

Улар Пастки Қорабоғ қишлоғида кетаётган вақтда олдинда ҳаракатланиб кетаётган йўловчи ташувчи Damas тўсатдан тўхтаган. Тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси эса ЙТҲнинг олдини олиш мақсадида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган.

Шундан сўнг қарама-қарши йўналишдаги Cobalt билан тўқнашиб кетган. Оқибатда ҳайдовчи А.Н. оғир жароҳат олган. Ёнида ўтирган ҳайдовчи шериги С.И. билан бирга туман тез тиббий ёрдам шифохонасига олиб келинган.

Шифохонада А.Н.га шошилинч ёрдам кўрсатилишига қарамай, ҳаётий номутаносиблик ҳолатида бўлгани сабабли вафот этган. Ҳайдовчи С.И. эса бош мия ёпиқ шикасти, пешана соҳаси шилиниб-йиртилган жароҳати ташхиси билан шифохонага ётқизилган, унинг аҳволи қониқарли. Фельдшер Ҳ.Т. ҳеч қандай жароҳат олмаган, дейилади бошқарма хабарида.

ССБ, шунингдек, санитар машинанинг техник ҳолати соз бўлгани, ЙТҲ бахтсиз ҳодиса эканини қўшимча қилди.