Ноябрь ойи бошидан бери ўзбекистонликлар орасида ўткир респиратор вирусли инфекция (ЎРВИ) касалликлари авж ола бошлади. Бу йил вирусли касалликлар, айниқса, ёш болаларда ўзгарувчан симптомлар билан кечмоқда, тана ҳарорати 38 даражадан тушмаяпти, шифохоналар эса аллақачон тўлиб бўлган. Буни куни кеча ССВ раҳбарияти ҳам тан олиб айтди.

Одамлар орасида эса бу ковиднинг мутацияга учраган янги тури экани ҳақида турли гап-сўзлар тарқаляпти. Эмишки, шифохоналарда ковидга чалинган беморлар жуда кўп. Тез ёрдам эса қўшимча кучлар жалб қилинганига қарамасдан 2−3 соат оралиғида келмоқда.

Хўш, аслида вазият қандай? Тез ёрдам хизмати нега кечикмоқда? Бунга ойдинлик киритиш мақсадида «Газета.uz» жамоаси Зангиота 1-сонли махсус шифохонасига борди. Шунингдек, Тошкент шаҳар Тез тиббий ёрдам марказидаги иш жараёни билан ҳам танишди.

Репортаждан қисқа қилиб айтадиган бўлсак, Зангиотадаги ковид марказда беморлар кўп эмас, салкам 350 нафар фуқаро даволаняпти, холос. Яъни ҳозирда тарқалаётган вирус ҳамда одамлардаги аломатлар ЎРВИнинг ўзгарувчан туридир — оддий қилиб айтганда ўзбекистонликлар мавсумий шамоллашни бошдан кечирмоқда. Шу боис ҳам Зангиотадаги шифохонада қўшимча жойлар ҳозирланди.

Кўпчиликда бир ҳил шикоят — тана ҳарорати 37,5−38 даражадан тушмаяпти, кучли йўтал, суяклар оғриши, кўнгил айниши, диарея. Асосан болаларда тана ҳарорати 37,5−38 даражадан тушмаяпти. Шифокорлар эса 38,5 даражадан ўтмагунча дори воситалари билан иссиқни туширмасликни тавсия қилмоқда. «Газета.uz» мухбирларидан бирининг фарзанди иссиғи шу кунларда 41 даражагача кўтарилган.

Ушбу инфекция билан қандай курашиш мумкин? Шифохоналар тўлиб бўлган, беморлар қаерда даволанса бўлади? Шу ва бошқа саволларга видеорепортажимизда жавоб топишингиз мумкин.