Болалар омбудсмани тармоқларда тарқалган, пойтахтдаги гул дўконларининг бирида қиз онаси томонидан калтаклангани акс этган видео бўйича муносабат билдирди.

Instagram`да эълон қилинган видео изоҳида 21 ноябрь соат 20:09 да бир қиз дўконга келиб, кераксиз гулларни сўрагани, бир неча сониядан сўнг унинг орқасидан маст ҳолдаги аёл келиб, «Сени ўлдираман» деб бақириб, болани калтаклай бошлагани ёзилган. Шундан сўнг 102 хизматига хабар берилгани қайд этилган.

Тармоқ фойдаланувчиларидан айримлари қизалоқни таниши, И. исмли бу қиз 9 ёшда экани, кафе ҳамда дўконларда гул сотиб юришини изоҳларда айтиб ўтган.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг матбуот хизмати болани калтаклаган аёл унинг онаси В.А. экани, ўша куни маст ҳолатда қизи В.И.ни ҳақоратлаб, урганини маълум қилди.

«Ҳолат Мирзо Улуғбек туманидаги „Оқибат“ маҳалласи Марказ-1 даҳасида жойлашган гул дўконда юз берган. Шу ерда бўлган фуқаролар жараённи видеотасвирга олиб тарқатишган. Мазкур ҳолат дарҳол Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинди», — дейилади баёнотда.

Қўшимча қилинишича, аёлнинг ҳаракатларига баҳо бериш юзасидан туман ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Онанинг бундай зўравонлигидан жабр кўрган қизча Тошкент шаҳри вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Онани эса ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Давлат ҳар бир бола манфаати устунлигини таъминлайди», — дея қайд этди болалар омбудсмани.

Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ҳам ҳолат юзасидан маълумот берди. Унга кўра, вояга етмаган қиз В.И. 2015 йилда туғилган. Унинг онаси — 1993 йилда туғилган фуқаро В.А. Тошкент шаҳри аёлларни реабилитация ва мослаштириш марказига жойлаштирилган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан эса ишчи гуруҳ тузилди. Дастлабки маълумотларга кўра фуқаро В.А. турмуш ўртоғи билан бирга яшамаслиги, доимий равишда спиртли ичимлик истеъмол қилиши, доимий иш жойига эга бўлмагани сабабли Тошкент шаҳридаги бир қатор туманларда кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг эгалари билан келишиб, уй йўлакларини тозалаб кунлик даромад топиши аниқланди, дейилади агентлик хабарида.

Вояга етмаган В.И.га айни дамда психолог ва педагоглар томонидан руҳий ҳолатини яхшилаш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда.

Она ва болага ёрдам кўрсатиш мақсадида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг масъул ходимлари бириктирилган.