Тошкент вилояти «Қанқа шаҳристони» ёдгорлигига етказилган жиддий зарар бўйича жиноят иши қўзғатилди, дея хабар қилди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Ҳолат бўйича агентлик томонидан Миллий археология маркази, Маданий мерос агентлиги ва Кадастр агентлиги мутахассислари иштирокида ўтказилган ўрганишда айрим фуқаролар томонидан ёдгорлик ҳудудига жиддий зарар етказилганлиги маълум бўлди.

Ёдгорликнинг кадастр ҳужжатига кўра, унинг умумий ер майдони 104,99 гектарни ташкил этади. Ҳозирда унинг 0,5 гектарига фуқаро А.Б., 0,79 гектарига фуқаро Т.Б. қишлоқ хўжалик экинлари (маккажўхори) экиб, ўзбошимчалик билан ушбу ер майдонидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келмоқда.

Бундан ташқари, соҳага оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг бир қатор талабларига зид равишда Оққўрғон туман ҳокимининг 2016 йил 8 июндаги 566-сонли қарори билан фуқаро А.П.га турар жой бино-иншоотлари ва улар билан банд бўлган ер участкалари мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ёдгорлик ҳудудидан 0,56 гектар ер майдони ажратилган. Ушбу майдоннинг 140,4 кв метр қисмига 3 та яшаш уйи, 2 та кириш хонаси, қурилиши тугалланмаган бино ва бостирма қурилган ҳамда бир қисмига боғ ташкил қилинган.

Ўрганиш жараёнида вилоят Маданий мерос бошқармаси ходимлари томонидан А.Б., Т.Б. ва А.П.га моддий маданий мерос кўчмас мулк объектига етказган моддий зарар бўйича тегишли далолатномалар расмийлаштирилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектига А.П. томонидан 10 млрд 367 млн 448,3 минг сўм, А.Б. томонидан 2 млрд 423 млн 520,0 минг сўм, Т.Б. 1 млрд 93 млн 950,0 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Агентлик тақдим этган ўрганиш ҳужжатларига кўра, вилоят прокуратураси томонидан айбдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 132-моддаси (Моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.